Reddit тармоғида келажакда бутун дунёни интернет билан таъминлаши керак бўлган Starlink сунъий йўлдош тизимининг илк бета-тести натижалари эълон қилинди, деб хабар беради «VC.ru».

Фото: UPI

Маълумотларга кўра, бунда юклаб олиш тезлиги 11,38 дан 60,24 Мбит/сонияга, узатиш тезлиги эса 4,58 дан 17,64 Мбит/сонияга етган. Шу билан бирга, кечикиш вақти 31 дан 94 миллисонияни ташкил этган.

Аввалроқ SpaceX сунъий йўлдошлар тўлиқ учириб бўлингач, Starlink фойдаланувчилари 1 Гбит/сония тезликка умид қилишлари мумкинлигини маълум қилганди.

Скриншот: Reddit

SpaceX орбитага 12 мингта сунъий йўлдош жойлаштириш, шундан сўнг яна 30 мингтаси ёрдамида Ернинг тўлиқ юзасини интернет билан таъминлашни режалаштирмоқда. Режаларга кўра, Шимолий Америка Starlink билан шу йилнинг охирига қадар тўлиқ қопланади, сайёранинг қолган қисмлари — 2021 йилда.

SpaceX компанияси Starlink лойиҳасини 2014 йилдан буён ривожлантириб келмоқда — ўшанда Илон Маск биринчи бор бутун дунёни глобал сунъий йўлдош интернет билан бирлаштириш борасидаги режалари билан бўлишган эди. Ҳозирда бета-тест дастури АҚШнинг шимолий ва Канаданинг жанубий қисми билан чегараланган.

«18 август куни Starlink 10 v1.0 миссияси доирасида янги партияни учта қўшимча сунъий йўлдошлар билан бирга учиришни режалаштирилган. Йил охирига қадар SpaceX яна олтита парвозни амалга оширади», — дейилади компания хабарида.

Starlink тизимининг кенг кўламли тестлари Starlink 14 v1.0 миссиясидан сўнг бошланиши керак.

SpaceX фойдаланувчилар терминалини харид қилиш қанчага тушиши ва хизмат учун қанча тўлаш керак бўлишига аниқлик киритмаган. Бироқ SpaceX президенти Гвинет Шотвеллнинг ваъда қилишича, Starlink интернети рақобатчилариникидан арзонроқ бўлади. Экспертларнинг тахминича, SpaceX ойига 100 долларга яқин пул сўрайди.