Мали пойтахти Бамако шаҳри яқинида ҳарбийлар исён кўтарди. Бу ҳақда Reuters хабар бермоқда.

​Маълум қилинишича, Бамакодан 15 километр узоқликдаги Кати ҳарбий базасида отишма юз берган.

Associated Press’нинг Мали Ички хавфсизлик вазирлигидаги манбасининг хабар беришича, Катидаги аскарлар офицерларни қўлга олган. Шундан кейин Бамакодан ҳукумат ходимлари чиқиб кетишни бошлаган.

Малида 2020 йилнинг июнь ойидан буён намойишлар давом этмоқда. Уларнинг иштирокчилари мамлакат президенти Иброҳим Бубакар Кейтнинг истеъфосини талаб қилмоқда. БМТ ва ҳуқуқ ҳимоячиларининг маълумотларига кўра, намойишлар вақтида камида 14 киши ҳалок бўлган.