Ўзбекистон Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 28 август, жума куни ўқув йилига тайёргарлик масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, давлат раҳбари кун тартибидаги асосий масалага ўтишдан олдин коронавирус билан боғлиқ вазиятга тўхталди. Жорий ҳафтада кунига ўртача 370 нафар янги бемор аниқлангани, карантин талаблари юмшатилган ҳозирги шароитда ушбу рақам назорат кўрсаткичи бўлиши қайд этилди.

Президент ҳақиқий ҳолат бўйича рақамларни яширишга мутлақо йўл қўймаслик тўғрисида барча раҳбарларни огоҳлантирди. Бунга уриниш жиноий жавобгарликкача бўлган қатъий чораларга олиб келиши мумкинлиги таъкидланди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 24 август куни коронавирусга чалиниш бўйича 402 та янги ҳолат қайд этилди. 25 август куни бу кўрсаткич 316 тани ташкил қилди ва 8 июлдан бери энг паст кўрсаткич қайд этилди. Касалланганларнинг кунлик сони 26 август куни 390 нафарни, 27 август куни эса 395 нафарни ташкил қилди. 28 август куни соат 17:00 ҳолатига кўра, 273 кишида касаллик аниқланган.