Сайёранинг энг бадавлат инсони Жефф Безосга тегишли дунёдаги энг йирик онлайн-ретейлер ҳисобланувчи Amazon учувчисиз бошқариладиган қурилмалар ёрдамида посилкаларни етказиб бериш лойиҳасини амалга ошириш учун АҚШда авиаташувчи мақомига эга бўлди, деб хабар беради CNN.

Фото: Reuters

Компанияга Part 135 авиаташувчи сертификатини Фуқаролик авиацияси федерал бошқармаси (FFA) берган. Бу сертификат товарларни етказиб беришда дронлардан фойдаланиш учун керак.

Amazon’нинг маълум қилишича, сертификатни олиш учун берилган ариза доирасида учувчисиз бошқариладиган қурилмадан фойдаланишдаги хавфсизлик ва самарадорлик учун 500 дан ортиқ синов ўтказилган.

Шу билан бирга, компания ўзининг авиаташувчи мақомидан тез орада етказиб беришнинг янги усулини синовдан ўтказиш орқали фойдаланишни бошлашини қайд этган. Синовларнинг аниқ вақти ва жойи ҳақида маълумот берилмаган. Компаниядагиларнинг маълум қилишича, Amazon’нинг бутун дунё бўйлаб дронларни синовдан ўтказадиган марказлари бор, учувчисиз бошқариладиган қурилмалар эса ҳозирга қадар тестлар доирасида бир неча минг соат парвоз қилган.

Компания учувчисиз бошқариладиган қурилмалар ёрдамида товарларни етказиб беришни ўз ичига олган Amazon Prime Air лойиҳаси ҳақида 2013 йилда маълум қилган. У дронлар учун 60-122 метр баландликда алоҳида ҳаво коридорлари ажратилишини таклиф этади. Етказиб бериш тизими компьютер тизимлари ёрдамида бошқарилади.

2017 йилда Amazon ўзининг дронлари учун махсус минорани ҳам патентлаган эди. Компаниянинг маълум қилишича, ари инига ўхшаш миноралардан нафақат дронларнинг учиш ва қўнишида, балки автоетказиб бериш ва мижозларга хизмат кўрсатишда ҳам фойдаланиш мумкин.