Танга ва марка йиғиш сингари одатий буюмларни коллекция қилиш қуйидаги юлдузлар учун хос эмас. Мазкур шоу-бизнес вакилларини ҳашаротлар, суяк ва ғаройиб буюмлар қизиқтиради.

Том Хенкс: ёзув машинкаси

Фото: Marie Claire

«Форрест Гамп», «Яшил маскан» ва бошқа бир қанча фильмларда қойилмақом ижроси билан мухлислар қалбидан жой олган актёр эски ёзув машиналарини коллекция қилади. Мухбирларни жини суймайдиган Хенкс интервью беришга фақат битта шарт билан — ёзув машинаси коллекцияси ҳақида қизиқилса, моделлари ҳақида маълумот сўралса ва янги ёзув машинкаси туҳфа қилинсагина рози бўлади, деган миш-мишлар ҳам йўқ эмас. Бундан бир неча йил олдин Talking Dead кўрсатуви бошловчиси Крис Хардвик, 1934 йилда ишлаб чиқарилган Smith Corona ёзув машинкасини юбориб, актёрни дастурда иштирок этишга таклиф қилган. Хенкс эса табиийки ушбу совғадан кейин йўқ дея олмаган.

Анжелина Жоли: пичоқ

Фото: Marie Claire

Актриса совуқ қуроллар йиғишни яхши кўради. Унинг коллекциясида Ренессанс даври ва ўрта асрга оид ханжар ва пичоқларни учратиш мумкин. Жоли берган интервьюларида, мазкур буюмларни уйида, болалари билан эҳтиётсизликлар келиб чиқмаслиги учун қулфланган ҳолда сақлашини таъкидлаган.

Кира Найтли: тирноқ бўёғи

Фото: Marie Claire

«Кариб денгизи қароқчилари» юлдузи юқоридаги ҳамкасбларидан фарқли ўлароқ, қизиқиши замонавийликка қаратилган. Кира маркаси, таркиби қандай бўлишидан қатъий назар ранг-баранг, ёрқин бўлган тирноқ бўёғи — лак йиғишни яхши кўради. Унинг коллекциясида барча рангдаги бўёқларни учратиш мумкин.

Катрин Денев: лаб бўёғи

Фото: Marie Claire

Француз киносаноатининг ёрқин юлдузи Катрин Денев лаб бўёғи — помада йиғади. Актриса харид давомида дўкондан помада олмасдан чиқиб кета олмаслигини бир неча марта тан олган. Омма олдида эътибор жалб қилмайдган помада суртган ҳолда намоён бўладиган Деневга қараб, коллекциясидаги косметик воситалардан фойдаланмаса керак деган хулосага келиш мумкин.

Дастин Хоффман: айиқ ўйинчоқлар

Фото: Marie Claire

Актёр айиқ ўйинчоқлари, хусусан, Тедди айиқларини коллекция қилишни яхши кўради. Маълумот учун айиқларни Тедди номини олиши Теодор Рузвельт билан боғлиқ бўлиб, у овга чиққанида айиқни ота олмагани учун Тедди номи берилган. Хоффманнинг коллекция учун алоҳида хонаси бор бўлиб, у ерда мингдан ортиқ айиқларни учратиш мумкин.

Пенелопа Крус: кийим илгич «вешалка»

Фото: Marie Claire

Режиссёр Педро Алмодоварнинг илҳоми, Хавера Бардеманнинг рафиқаси испан актрисасининг қизиқиши ҳам бошқаларникига ўхшамайди. Гап шундаки, Пенелопа ёғоч, пластмас, ранг-баранг, умуман, олганда турли-туман кийим илгичларни йиғади. Унинг коллекциясида 500 дан ортиқ намунани учратиш мумкин.

Клаудия Шифер: Ўргимчак

Фото: Marie Claire

Топ-модель Шифер ҳашарот, хусусан, ўргимчакларга қизиқишига ишониш қийин. Клаудияда бу қизиқиш болалигида пайдо бўлган ва у соатлаб ўргимчак тўр тўқишини кузатиб ўтирган. Бугунги кунда Шифернинг уйида ўргимчак шаклидаги турли-туман тақинчоқлар ва қотирилган ўргимчаклар коллекциясини учратиш мумкин.

Дэвид Линч: ўлик пашша

Фото: Marie Claire

Энг ғаройиб ва ноодатий коллекция Дэвид Линчга тегишли, у ўлик пашшаларни деворга ёпиштириб қўйиш билан бирга товуқ суякларини йиғишга ҳам қизиқади.

Жонни Депп: ҳамма нарса

Фото: Marie Claire

Актёр ҳамма нарсани бирваракайига йиғади. У ёшлигида кабутарлар скелети, ўлик кўршапалаклар ва қуритилган ҳашаротларни тўплаган деган миш-мишлар йўқ эмас. Кейинчалик шляпалар энг қизиғи эса Barbie қўғирчоқларини коллекция қилган. Аввалига фарзандларини қўғирчоқлар билан ўйнатган актёр кейинчалик коллекция қилишга киришганини тан олади. Деппнинг тўпламида машҳурлар — Элвис Пресли, Бейонсе, Линдси Лохан кўринишидаги, шунингдек, ўзи гавдалантирган «Кариб денгизи қароқчилари»даги Жек Читтак ва «Алиса мўжиазлар мамлакатида»ги шляпа кийган қаҳрамонларнинг қўғирчоғини ҳам учратиш мумкин. Бундан ташқари актёр, ёзувчи Жек Керуакка тегишли бўлган буюмлар — ёзув материаллари, плаш, куртка ва чемоданини ҳам тўплайди. Бу ҳали ҳаммаси эмас, санъат буюмлари — масхарабозлар тасвирланган картиналар, лампа ва арт-декор услубидаги мебеллар ҳам Жоннининг эътиборидан четда қолмайди.