Америкалик дижей, продюссер ва I like to move it хити ижрочиси Эрик Морилло Майами-бич курорт шаҳридаги уйидан ўлик ҳолда топилди. Meduza’нинг ёзишича, 49 ёшли ижодкорнинг ўлими сабаби ҳозирча номаълум.

Фото: Brooklyn Vegan

Таъкидланишича, Морилло августнинг бошида номусга текканликда айбланиб ҳибсга олинган. Кейинроқ у гаров пули эвазига озодликка чиқарилган. 4 сентябрда иши судда кўриб чиқилиши керак бўлган.

Маълумот учун, Морилло уч марта энг яхши халқаро дижей ва уч марта стил-ҳаус услубида ижод қилувчи дижей сифатида DJ Awards мукофотини қўлга киритган. У томонидан 1993 йилда Reel to Real лойиҳаси учун ёзилган I like to move it сингли ўн йилликнинг энг яхши рақсбоп треклари рўйхатидан бир неча марта ўрин олган.