Миср ҳукумати сайёҳларнинг мамлакат ҳудудига кириши учун шароитларни янада енгиллаштирди. Бу ҳақда «Atorus.ru» хабар берган.

Хургади, Марс Алам, Шарм ал-Шайх ва Таби аэропортлари орқали Қизил денгизга келган саёҳатчиларга агар улар ўз мамлакатида коронавирусга тест топшира олмаган ва махсус маълумотномага эга бўлмаса, 1 сентябрдан бошлаб ПЗР-тестини Мисрда топшириш имконияти яратилган.

Аввал Мисрга келган турист коронавирусга топширган тестининг натижаси манфий экани ҳақида 72 соат амал қиладиган маълумотномани тақдим этиши лозимлиги белгилаб қўйилганди. Мазкур чеклов туфайли хорижлик сайёҳларнинг 30 фоизи Қизил денгизга сентябрда бориш бўйича буюртмаларини бекор қилган. Меҳмонхоналар эгалари эса мамлакатда янги инқироз бошланиши ҳақида гапирган. Ҳукумат тадбиркорларнинг ушбу чақириғига тезкор тарзда реакция билдирди.

Мисрнинг курорт шаҳарларида жойлашган аэропортларида коронавирусга тест топшириш нархи 30 АҚШ долларини ташкил қилади.

1 сентябрдан бошлаб Мисрда хорижлик меҳмонлар учун археологик ва туристик ҳудудларда, хусусан, Луксор ҳамда Қоҳира шаҳарларида экскурсиялар ташкил қилина бошлаган. 600 га яқин меҳмонхона фаолиятини қайта тиклаган ва 50 фоизлик қувват билан ишламоқда.

1 июлдан шу кунга қадар Шарм-ал-Шайх ва Хургади курортларига 150 мингга яқин хорижлик ташриф буюрган. Дам олувчилар, асосан, Украина, Беларусь, Швейцария, Венгрия ва Сербиядан келмоқда. Расмий маълумотлар бўйича дам олаётганлар орасида COVID-19 билан касалланганлар аниқланмаган.

Мисрда эпидемия бошланганидан бери 98 минг нафардан зиёд кишида коронавирус инфекцияси борлиги аниқланган, касаллик оқибатида кузатилган ўлимлар сони 5400 тага яқинлашган.