Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бой давлатларнинг тутган йўли туфайли мақсади барча мамлакатларни коронавирусга қарши вакцина билан тенг таъминлаш бўлган халқаро COVAX механизмини амалга ошириш муддатини кейинга қолдиришга мажбур бўлди. Бу ҳақда ЖССТ ҳужжатларига таяниб, The Financial Times газетаси хабар берди.

Фото: «ТАСС»

Қайд этилишича, «бой давлатлар», жумладан, АҚШ, Буюк Британия ва Япония дастурга қўшилишга шошилмай, халқаро корпорациялар билан вакциналар етказиб бериш бўйича икки томонлама битим тузишни афзал кўрган. Шу сабабли уларнинг COVAX механизмига аъзо бўлиши муддати 31 августдан 18 сентябрга, иштирокчи мамлакатлардан дастлабки тўловлар ундириш санаси эса 9 октябрга қолдирилди.

Режага кўра, COVAX туфайли 2021 йил охиригача дунё бўйлаб 2 миллиард дозада вакцина тарқатилиши керак эди. Дори-дармонлар пули 92 та молиялаштирувчи давлат томонидан тўланади. Бунинг натижасида вакцина ишлаб чиқарувчиларга препаратлари лицензиядан ўтмасидан туриб уларнинг сотиб олинишини кафолатлайди, ночор мамлакатларга эса ушбу дори воситасидан фойдаланиш имкониятини беради.

ЖССТ раҳбарининг дори-дармонлардан фойдаланиш бўйича ёрдамчиси Мариангеле Симаонинг айтишича, бу вазиятда икки хил йўл тутиш мумкин. Биринчиси «вакциналаш миллатчилиги» бўлиб, бунда вакцинадан фойдаланиш имкониятига фақат кам сонли мамлакатлар эга бўлади, дунёдаги аксарият одамлар эса ҳимоясизлигича қолади. Иккинчиси, вакциналаш борасида кўп қиррали ёндашиш бўлиб, барча мамлакатлардаги хавф остида бўлган аҳолини ҳимоя қилиш мумкин бўлади. «Мамлакатлар учун ягона оқилона ечим (ташаббусга) қўшилишдир», — деб қайд этган Симао.

24 август куни Женевада бўлиб ўтган брифингда ЖССТ раҳбари Тедрос Гебрейесус коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқиш ва тарқатиш бўйича COVAX халқаро механизмига 172 давлат қўшилгани ҳақида хабар берган. ЖССТ ва унинг Европа минтақавий бюросининг фаол аъзоси сифатида Ўзбекистон ҳам ташкилотнинг коронавирусга қарши эмлаш дастурига қўшилди. Айни пайтда ЖССТ портфелида коронавирусга қарши 9 та вакцина мавжуд экани айтилмоқда.