Американинг Чикаго шаҳрида Amazon сервиси курьерлари ўзларининг мобил телефонларини дарахтларга илиб кетмоқда. Бу орқали улар тизимни алдаб, кўпроқ буюртма олишга уриняпти, деб ёзади Bloomberg.

Фото: Bloomberg

Айёр ходимлар Amazon Flex сервиси етказиб берувчилари ҳисобланади. Ишлаш принципи қуйидагича: мижоз бирор нарса буюртма қилади, сервис буюртмани энг яқин нуқтада турган ҳайдовчига беради.

Курьерлар эса ўз телефонларини буюртма бериладиган фирма дўконлари ва пунктлари яқинидаги дарахтларга илиб кетадиган бўлган. Натижада тизим курьер яқин жойда жойлашганини кўриб, буюртмани унга топширади.

Бу каби айёрликка компаниянинг бош ходимлари эътибор қаратган. Таъкидланишича, айрим курьерлар буюртмаларга «кўмилиб кетган».

Amazon бу борада текширув ўтказишга ваъда берган.

Аввалроқ Amazon АҚШда товарларни дронлар ёрдамида етказиб беришга рухсат олгани тўғрисида хабар берилганди.