Эквадордаги Амбато шаҳрида Zoom орқали дарс қилаётган талаба қизнинг уйига ўғрилар тушди. Буни бошқа талабалар пайқаб қолган ва полиция чақирган, деб хабар беради LADbible.

Кадр: YouTube

Кўнгилсиз ҳодиса 4 сентябрь куни содир бўлган. Видеодаги ёзувда талаба қиз орқасига ўгирилиши билан хонага ниқоб тақиб олган эркаклар кириб келганини кўриш мумкин. Видео овози ўчириб қўйилган бўлса-да, ўғрилар қизга таҳдид қилгани кўриниб турибди.

Дарсда иштирок этаётган бошқа талабалар бунга эътибор қаратиб, ўқитувчисига хабар берган. «Тезда полицияга, яқинларига қўнғироқ қилинглар», — деган ўқитувчи.

Талабалар полицияга қўнғироқ қилган вақтда жиноятчилар талабанинг ноутбукини ўғирлаб кетишга улгурган.

Кейинроқ шаҳар расмийлари, ўғирлар қўлга олингани ва улар тўрт киши бўлганини маълум қилган.

Фото: Twitter

Аввалроқ Google компанияси ўз ходимларига хавфсизлик стандартларига жавоб бермайдиган Zoom дастурини компьютерларга ўрнатишни тақиқлагани ҳақида хабар берилган эди.

Zoom видеоконференсалоқа дастури компания ходимлари орасида коронавирус пандемияси сабаб масофадан туриб ишлашга ўтилганидан кейин оммалашди. Компаниянинг капитализацияси уч баробарга кўпайиб, кунлик фойдаланувчилар сони 200 миллиондан ошди.