Ўзбекистонда 6 сентябрь соат 23:30 дан 7 сентябрь соат 23:30 га қадар коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ 312 та ҳолат қайд этилди. Беш кун ичида биринчи марта кунлик касалланиш ҳолатлари 300 тадан ошди. Янги ҳолатлардан сўнг Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 43975 нафарга етди.

ССВ ҳисоби бўйича 354, «Дарё» ҳисоби бўйича 365 киши коронавирус асоратларидан вафот этган.

Фото: Telegram / @ssvmatbuotkotibi

Янги касалланиш ҳолатлари

Янги касалланган 312 кишининг барчаси тана ҳарорати кўтарилгани боис профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасидан аниқланган:

  • Тошкент шаҳрида — 190 нафар;
  • Тошкент вилоятида — 93 нафар;
  • Самарқанд вилоятида — 10 нафар;
  • Андижон вилоятида — 8 нафар;
  • Хоразм вилоятида — 5 нафар;
  • Қорақалпоғистон Республикасида — 4 нафар;
  • Фарғона вилоятида — 2 нафар.

Кун давомида 7 та ҳудудда коронавирусга чалиниш ҳолати қайд этилди. 28 август куни ўтказилган йиғилишда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев кунига ўртача 370 нафар янги бемор аниқланиши карантин талаблари юмшатилган ҳозирги шароитда назорат кўрсаткичи бўлишини қайд этганди. Президент ҳақиқий ҳолат бўйича рақамларни яширишга мутлақо йўл қўймаслик тўғрисида барча раҳбарларни огоҳлантирди. Бунга уриниш жиноий жавобгарликкача бўлган қатъий чораларга олиб келиши мумкинлиги таъкидланди.

Тошкент шаҳрида 190 кишида коронавирус аниқланди. 3 сентябрь куни пойтахтда 109 кишида касаллик қайд этилганди, шундан сўнг коронавирусга чалинганлар сони кўпайиб бормоқда: 4 сентябрь — 135 киши, 5 сентябрь — 170 киши, 6 сентябрь — 177 киши. Сентябрнинг дастлабки 7 кунида Тошкентда касалланганлар сони 1183 нафарга кўпайди. ССВ жадвалидаги 14 та ҳудуддан 10 тасида эпидемия мавсумида ҳали бунча бемор аниқланмаган. Ҳозирда Тошкентда коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 26735 нафарга етди. Ўзбекистон бўйича COVID-19 ташхиси қўйилганларнинг 60,8 фоизи пойтахт ҳисобига тўғри келмоқда.

Тошкент вилоятида 93 кишида COVID-19 аниқланди. 7 кун ичида Тошкент вилоятида коронавирусга чалинганлар сони 678 нафарга кўпайди. Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Фарғона, Хоразм, Навоий ва Сурхондарё вилоятларида эпидемия мавсуми бошидан буён бунча касаллик аниқланмаган. Тошкент вилоятида касалликка чалинганлар сони 7883 нафарга етди. Бу Ўзбекистон бўйича коронавирусга чалинганларнинг 17,9 фоизига тенгдир.

Самарқанд вилоятида 10 кишида коронавирус аниқланди. Сентябрь ойида вилоятда фақат 2 сентябрь куни янги ҳолатлар рўйхатга олинмади. Ой давомида касалланганлар сони 60 нафарга кўпайди. Самарқандда COVID-19 қайд этилганлар сони 1778 нафарга етди. Ўзбекистон бўйича коронавирусга чалинганларнинг 4 фоизи Самарқанд вилоятига тўғри келмоқда.

Андижон вилоятида 8 кишида COVID-19 қайд этилди. Вилоятда 5 кундан буён узлуксиз равишда касалланиш ҳолатлари қайд этилмоқда. Ушбу кунлар ичида энг кўп касаллик аниқланган кун 7 сентябрь бўлди. Андижонда коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 1239 нафарга етди. Ўзбекистон бўйича COVID-19 ташхиси қўйилганларнинг 2,8 фоизи Андижон вилояти ҳисобига тўғри келмоқда.

Хоразм вилоятида 5 кишида коронавирус қайд этилди. Сентябрнинг 7 кунидан 3 тасида вилоятда янги касалланганлар рўйхатга олинди. Касалликка чалинганларнинг умумий сони ҳозирда 484 нафарга етди. Ўзбекистон бўйича коронавирусга чалинганларнинг 1,1 фоизи Хоразм вилояти ҳиссасига тўғри келмоқда.

Қорақалпоғистон Республикасида 4 кишида коронавирус аниқланди. Республикада охирги 19 кун ичида 10 марта янги касалланиш ҳолатлари рўйхатга олинган бўлса, бу кунларнинг биронтасида янги беморлар сони 4 нафардан ошмади. Қорақалпоғистонда коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 461 нафарга етди. Бу Тошкент шаҳридаги беморлар сонидан 58 баробар кам деганидир.

Фарғона вилоятида 2 кишида COVID-19 аниқланди. Сентаб ойида вилоятда фақат 6 сентябрь куни янги ҳолатлар рўйхатга олинмади. Ой давомида Фарғонада касалланганлар сони 20 кишига кўпайди. Фарғонадаги жами касалланганлар сони 343 нафарни ташкил этмоқда. Бу бутун Ўзбекистон бўйича коронавирус қурбонлари сонидан ҳам камдир.

Ўлим ҳолатлари ва аҳволи оғир беморлар

ССВ Тошкент шаҳрида 4 нафар, Жиззах ва Тошкент вилоятларида 1 нафардан, жами 6 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этгани ҳақида хабар берди.

Биринчи ўлим. Тошкент шаҳри Чилонзор туманида яшаган 58 ёшли Ё.О. исмли аёл вафот этган.

Иккинчи ўлим. Жиззах вилояти Жиззах шаҳрида яшаган 36 ёшли Д.М. исмли эркак вафот этган. Бир кун аввал Жиззахда 6 нафар беморнинг аҳволи оғирлиги ҳақида маълумот берилганди. Вилоятда 26 июлдан бери энди ўлим ҳолати рўйхатга олинди. Жиззахда коронавирус қурбонлари сони 7 нафарга етди. Ўлим кўрсаткичи бўйича Жиззах биринчи ўринда бормоқда. Вилоятда COVID-19 ташхиси қўйилганларнинг 4,2 фози ёки касалликка чалинган ҳар 24-бемор вафот этмоқда.

Учинчи ўлим. Тошкент шаҳри Учтепа туманида яшаган 83 ёшли А.Д. исмли эркак вафот этган.

Тўртинчи ўлим. Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида яшаган ва Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги юқумли касалликлар шифохонасида даволанган 55 ёшли Б.Ж. исмли эркак вафот этган. Унинг ўлими Тошкент шаҳри ҳисобига ёзилди.

Бешинчи ўлим. Тошкент вилояти Қибрай туманида яшаган 70 ёшли Р.Т. исмли эркак вафот этган.

Олтинчи ўлим. Тошкент шаҳри Юнусобод туманида яшаган 67 ёшли Х.С. исмли аёл вафот этган.

Ҳозиргача Соғлиқни сақлаш вазирлиги 354 кишининг коронавирус асоратларидан вафот этганини хабар берди. «Дарё» ҳисоби бўйича коронавирусга чалингач, вафот этганлар сони 365 нафарни ташкил этмоқда.

ССВ томонидан коронавирус қурбони бўлгани «тан олинмаганлар»:

Таниқли режиссёр Сарвар Каримов ҳам 17 июль куни отаси коронавирус инфекциясидан вафот этгани, аммо унга ташхис қўйилмаганини маълум қилганди. Режиссёрнинг ўзи ва унинг бошқа оила аъзоларида коронавирус тасдиқланган. Шунингдек, 26 июль куни бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов 24 июль куни Самарқанддаги Ипак йўли халқаро туризм университетининг 33 ёшли магистранти Ўткир Темиров касалликдан вафот этганини айтган. Маълум бўлишича, марҳум ўзида COVID-19’нинг барча белгилари бўлса-да, тест ҳам топшира олмаган, касалхонага ҳам ёта олмаган. Қорақалпоғистоннинг Тахтакўпир тумани шифохонасининг 32 ёшли тез тиббий ёрдам ҳамшираси Алия Жиемуратова 28 июль куни коронавирусдан вафот этгани ҳақида «Makan.uz» хабар тарқатди. Қашқадарёда яна бир тиббиёт ходими, хусусий клиника бош шифокори Тўрақул Холиқов 65 ёшида вафот этди. «Дарё» мухбири билан суҳбатлашган хусусий клиника масъулларининг таъкидлашича, Тўрақул Холиқов сўнгги бир ой давомида коронавирус касаллигидан даволаниб келган.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 2027 нафар бемордан 430 нафари оғир, 224 нафари эса ўта оғир аҳволда. Аҳволи оғир ва ўта оғир беморларнинг умумий сони 654 нафарга етди. 17 августдан сўнг биринчи марта аҳволи оғир ва ўта оғир беморларнинг умумий сони 600 нафардан ошди. Ҳозирда даволанишни давом эттираётганларнинг 32,2 фоизининг аҳволи оғир бўлиб турибди. Бу мутлақ рекорд ҳисобланади. Бунгача энг юқори натижа 14 августда ўрнатилган бўлиб, ўша куни даволанаётган беморларнинг (5135 нафар) 32,1 фоизининг (1651 нафари) аҳволи оғир эди.

Касалликдан даволаниш

7 сентябрь куни Ўзбекистоннинг 6 та ҳудудида 317 нафар бемор коронавирусдан соғайди. Сентябрнинг беш кунида кунлик соғайиш кўрсаткичи янги касалланиш ҳолатларидан ортиқ бўлган бўлса, қолган икки кунида паст бўлди.

Янги тузалганларнинг

  • 207 нафари Тошкент шаҳрида;
  • 91 нафари Тошкент вилоятида;
  • 7 нафари Хоразм вилоятида;
  • 4 нафари Қорақалпоғистон Республикасида;
  • 4 нафари Андижон вилоятида;
  • 4 нафари Фарғона вилоятида касалликдан фориғ бўлди.

Уларнинг қанчаси уй шароитида, қанчаси стационар шароитда даволанганига ССВ аниқлик киритмаган.

Маълумот учун, Ўзбекистонда коронавирус эпидемияси сабаб соғлиқни сақлаш тизимига тушаётган юкламани бир қадар енгиллатиш мақсадида 5 июлдан бошлаб коронавирус инфекцияси аломатсиз кечаётган беморларга уй шароитида даволанишга рухсат берилган, ушбу йўналишда йўриқнома ва эслатмалар ҳам эълон қилинган.

Бироқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусга чалинганларга доир ахборотларида янги беморларнинг қанчасида касаллик аломатсиз (симптомсиз) кечаётганига аниқлик киритмаяпти, шу боисдан айни вақтда коронавирусдан даволанаётган беморларнинг қанчаси касалхоналарда қолаётгани, қанчаси уй шароитида даволанаётгани маълум эмас.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 43 975 нафар бемордан 41 594 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 94 фоизни ташкил этмоқда. Икки кун аввал ҳам даволаниш кўрсаткичи 94 фоиз бўлганди. Бу энг юқори натижа ҳисобланади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотлари бўйича айни пайтда 2027 нафар бемор COVID-19’дан даволанмоқда. Коронавирусдан даволанишни давом эттираётган беморлар сони чўққига чиққан — 29 июль куни беморлар сони 9517 нафар эди. Бир ойдан бироз кўпроқ вақт ичида уларнинг сони 4,5 баробарга камайди. Айни пайтда даволанаётган беморлар сони 77 кун ичида минимум кўрсаткичга тушди — 23 июнь куни 2083 нафар бемор коронавирусдан даволанаётганди.

Ҳозирда энг кўп бемор Тошкент шаҳрида даволанмоқда — 1404 нафар. Фарғонада 5, Навоийда 6, Хоразмда 7, Жиззахда 10, Қорақалпоғистонда 12, Сурхондарёда 23, Қашқадарёда 30, Сирдарёда 31, Бухорода 32, Андижонда 36, Наманганда 36, Самарқандда 119 ва Тошкент вилоятида 276 нафар бемор қолди.