Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, Ер юзидаги 15 фоиз инсон ошқозон яраси касаллигидан азият чекади. Ошқозонни ишдан чиқариши мумкин бўлган мазкур касаллик симптомларига бефарқ бўлмаслик ва шифокор кўрсатмаларига амал қилиш муҳим. «Домашний очаг» журнали гастрит ривожланаётганидан далолат берувчи аломатларга тўхталиб ўтади.

Фото: «Домашний очаг»

Қориннинг юқори қисмидаги оғриқ

Агар сизда шундай оғриқ кузатиладиган бўлса, шифокорга боришни ортга сурмаслик ҳамда оғриқ қолдирадиган дори ичишга шошмаслик керак. Аксар ҳолларда қориннинг бу соҳасидаги оғриқ жиддий касалликдан сигнал бўлиб, тезроқ даволанишни талаб қилади. Қориннинг юқори қисмидаги кучли оғриқ ошқозон яраси хуружидан дарак бериши мумкин. Агар оғриқ кучли бўлмаса ва асосан овқатдан аввал кузатилса, унда яра энди пайдо бўлаётган бўлиши мумкин. Ҳар икки ҳолатда ҳам шифокорга мурожаат қилиш керак.

Кўнгил айниши

Ошқозонда қандайдир муаммо борлигидан дарак берувчи яна бир симптомларидан бири вақти-вақти билан кўнгил айниши ҳисобланади. Агар кўнгил айниши овқат тановулидан кейин кузатилса, ошқозонда яра ривожланаётгани эҳтимоли юқори бўлади.

Қайт қилиш

Овқатдан заҳарланиш билан ҳеч қандай алоқаси бўлмаган кўнгил айниши ва қайт қилиш хавфли симптомлардан бири саналади. Агар қон аралаш қайт қилинса, унда зудлик билан тиббиёт ходимларига мурожаат қилиш керак.

«Қора стул» симптоми

«Қора стул» симптоми, яъни нажасда қон борлиги ошқозон яраси ривожланаётганлиги ёки бошқа касаллик билан боғлиқ бўлиши мумкин. Аниқ ташхис учун шифокор қабулида бўлиш керак. Лекин мазкур симптом билан бирга қориннинг юқори соҳасида оғриқ ва кўнгил айниши кузатилса, унда ошқозонда яра борлиги эҳтимоли юқори.

Жиғилдон қайнаши

Жиғилдон қайнашининг тез-тез кузатилиши шифокор қабулига ёзилиш учун сабаб бўла олади. Сиз беэътибор бўлган мазкур аломат жуда ҳам жиддий касалликлар — юрак хуружи ёки ошқозон ярасидан дарак бўлиши мумкин.

Қорин шишиши

Қориннинг шишиши турли сабаблар билан боғлиқ бўлади. Лекин бу вақтда оғриқ ва кўнгил айниши кузатилса, гастроэнтерологга мурожаат қилиш керак.

Вазн ташлаш

Ошқозон яраси билан боғлиқ энг кам, аммо айрим беморларда кузатиладиган симптом вазн ташлаш ҳисобланади. Овқат истеъмол қилиш билан боғлиқ кузатиладиган муаммолар сабаб кўп беморлар овқатланмай қўяди ва иштаҳаси ёмонлашганини пайқайди. Бу эса вазн ташлашга олиб келади.

Белдаги оғриқ

Яра ошқозон ёки ичакларда бўлишига қарамай, беморлар бел соҳасида ҳам оғриқ сезади. Мазкур оғриқ сабаб ташхис қўйиш мураккаблик келтириб чиқариши мумкин. Лекин оғриқ билан бирга юқорида саналган симптомлар ҳам кузатилса, шифокорга боришни кечиктирмаслик лозим.