12:46, 11.09.2020 // 33474

Бош айланиши, оёқ увишиши, хуррак. Зудлик билан шифокор кўригига боришни тақозо этадиган симптомлар

Организмдаги оддий аломатлар оқибати яхшилик билан тугамаслиги мумкин. Турли сурункали ва хавфли касалликларга чалинмаслик ва олдини олиш мақсадида «Домашний очаг» журнали энг кўп кузатиладиган, бефарқ бўлиш керак бўлмаган симптомлар ҳақида маълумот беради.

Фото: «Домашний очаг»

Оёқ увишиши

Кўпинча нотўғри ўтириб қолиш ёки ётгандан кейин оёқ увишиши кузатилади ва вазият ўзгартирилганидан кейин увишиш йўқолади. Лекин шунда ҳам қолмаса ва кўп кузатиладиган бўлса, унда шифокорга мурожаат қилиш учун жиддий сабаб бор. Муаммо умуртқа чурраси (грижа) ёки юрак қон-томир касалликлари билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Бел ўлчами аёлларда 75 см, эркакларда 90 см катта бўлиши

Бел соҳасида ёғ тўпланиши метаболизм синдромидан дарак бериши мумкин. Ушбу синдромда қонда қанд ва холестерин миқдорининг кўпайиши, тўлишиш ва гипертония кузатилади. Буларнинг бари қандли диабет ва юрак қон-томир касалликларига чалиниш хавфи юқорилигини билдиради.

Оғиз қуриши

Тил организмнинг аҳволи қандай эканидан дарак беради — оғиз қуриши организмда сув алмашинуви билан муаммолар борлигидан далолат. Кам суюқлик истеъмол қилаётганингиз учун организмга сув етишмаётган бўлиши мумкин. Бу эса ўз навбатида салбий оқибатларга олиб келиши, ошқозон, ичаклар, ҳатто суякларда ҳам муаммолар кузатилиши мумкин.

Бош айланиши

Бош айланишига кўпчилик жиддий қарамайди ва ўтиб кетади деб ўйлайди. Жисмоний зўриқиш вақтида бошнинг мунтазам айланиши организмнинг кучсизлангани ёки сувсизланганидан даракдир. Агар бош айланиши бўшашиш, тананинг маълум қисмида увишиш ва нутқда муаммо кузатилиши билан бирга намоён бўлса, унда инсульт эҳтимоли йўқ эмас.

Жиғилдон қайнаши, қорин шишиши

Бу каби симптомларнинг қайта-қайта ва тез-тез такрорланиши нафақат овқат ҳазм тизимидаги муаммо борлиги, балки стресс билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин. Ёш организм стрессни осон енгиб ўтса, 30 ёш ва ундан кейин сурункали ошқозон ичак тракти кузатилиши мумкин.

Хуррак отиш

Одамлар ҳатто ўнлаб йиллар давомида бееътибор бўладиган симптомлардан бири хуррак отиш саналади. Хуррак одам горизонтал вазиятда бўлганида юқори нафас йўлларида вужудга келадиган тебраниш ҳисобланади ва ўз-ўзидан вужудга келмайди: бу нафас йўллари торайганида кузатилиши мумкин. 70 фоиз ҳолларда хуррак отиш бўйин конфигурацияси билан боғлиқ бўлади. Бўйин соҳасидаги ёғ қатламлари сабаб нафас олиш қийинлашади, қон билан таъминланишда муаммо кузатилади. Уйқу бошқа аъзолар, хусусан, мия дам олиши учун муҳим. Лекин уйқу вақтида тўғри нафас ололмаслик, миянинг етарлича кислород билан таъминланмаслиги ва дам олмаслигига олиб келади. Зўриқиш такрорланавериши ва уни бартараф қилиш учун чора кўрилмаслиги оқибатида мия ҳужайралари емирилиши ва қариши кузатилади. Шу сабаб ҳам хуррак отишга нисбатан бефарқ бўлмаслик, шифокорга мурожаат қилиб, муаммо нимада эканини билиш лозим.

Кўкрак қафасининг юқори қисмида қизариш кузатилиши

Қизариш мунтазам пайдо бўлса ва бу қуёшда тобланиш билан боғлиқ бўлмаса, қон босими кўтарилганидан дарак бўлиши мумкин.

Тўсатдан кўкаришлар пайдо бўлиши

Кўкаришлар, тери остидаги капиллярларнинг шикастлангани сабаб пайдо бўлиши мумкин. Агар кўкаришлар сабабсиз, ўз-ўзидан пайдо бўлса, организмдаги турли муаммолар масалан, Б12 витамини етишмовчилиги, қандли диабет, ҳатто онкологик касалликлардан ҳам дарак бўлиши мумкин.

Безовта оёқлар синдроми

Асосан, тунда кузатиладиган мазкур синдром тинч ҳолатда ҳам оёқларда дискомфорт ҳис қилиниши билан намоён бўлади. Бундай вақтда инсон қулай вазият топа олмаганидан қимирлайди ва безовта бўлади, бу эса уйқу бузилишига олиб келади. Синдром қон таъминланиши, қон-томирлар ёки варикоз билан боғлиқ бўлиши мумкин. Шунингдек, темир, магний, Б гуруҳи витаминлари етишмаслиги ҳамда метаболизм билан боғлиқ муаммолар сабаб ҳам оёқлар безовта қилади.

Узоқ вақт давом этаётган йўтал

Сурункали тонзилитдан даволанишга қарамай, йўтал қолмайдиган бўлса, уйқу вақти ҳам безовта қилиб, дори-дармон ҳам таъсир қилмаса, қизилўнгач тешиги чурраси (грижа) ёки рефлюкси эҳтимоли бор. Уларнинг ҳар иккисида ҳам жиғилдон қайнаши, кекириш кузатилади.

Тирноқларда ўзгариш кузатилиши

Тирноқда оқ чизиқлар кўпинча шикастланишдан кейин кўзга ташланади. Лекин шикастланмаса ҳам бу ҳолат кўп кузатиладиган бўлса, шифокорга мурожаат қилиш керак. Негаки, бу симптом қон-томир тизими касалликларида муаммо борлигидан дарак беради. Қон айланишида муаммолар бўлиши турли нуқсонлар, хусусан, тирноқлардаги ўзгариш билан ҳам намоён бўлади.

Энг кўп ўқилган

Қидирув