Россиялик таниқли блогер Валентин Петухов қишлоқ кўчалари ва ўрмондаги ўнқир-чўнқирликлар бўйлаб биринчи бор Tesla Cybertruck нусхасини ҳайдаб кўргани тасвираланган видео билан бўлишди. Пикап Воронеждаги Constrictor Motorsport устахонасида яратилган.

Кадр: YouTube

Автомобиль Toyota Tundra йўлтанламаси роми асосида яратилган бўлиб, унга пўлат парчалар пайвандланган.

Tundra роми тахминан 10 сантиметрга узайтирилиб, моделнинг олти метрли оргинал ўлчамига яқинлаштирилган. Пикап 381 от кучига эга 5,7 литрли V8 двигатели ёрдамида ҳаракатга келади.

Cybertruck’нинг ҳозирча ойна ва эшик тутқичлари йўқ — у болтлар ёрдамида қотирилган. Шунингдек, машинанинг таг қисми ҳам мавжуд эмас: оёқ остида айланаётган кардан валини кўриш мумкин.

Блогер кейинги босқичда очиладиган барча элементларни йиғишни режа қилган: эшиклар, капот ва кузовнинг орқа тавақлари. Шунингдек, тез орада Воронеж пикапига ойналар ҳам ўрнатилади.

Аввалроқ америкалик блогер Tesla Cyberquad электро-квадрокциклининг аниқ нусхасини яратгани тўғрисида хабар берилганди.

Эслатиб ўтамиз, Tesla Cybertruck 2019 йилнинг ноябрида Лос-Анжелесда тақдим этилган. Америка компанияси Cybertruck учун ярим миллиондан ортиқ буюртма олган. Моделни харид қилишни истаганлар 100 доллар миқдорида депозит қўйишлари керак. Сўнгги маълумотларга кўра, дастлаб иккита электромоторга эга, бир марта қувватланиш орқали 500 километр юра оладиган Cybertruck сотувга чиқади. Tesla электропикапининг нархи 49 900 доллар.