Аляскадан Канада орқали Кентуккидаги Уолтон шаҳрида жойлашган уйига қайтмоқчи бўлган Жон Пеннингтон исмли фуқаро ярим миллион долларлик карантин қоидалари бузишга улгурди, деб хабар беради Motor.

Фото: Motor

Канада коронавирус пандемияси сабаб АҚШ билан чегараларни 21 мартдан бошлаб ёпган. Америкаликлар Канадага фақатгина Аляскага бориш ёки у ердан ортга қайтишлари учун кира олади — шунда ҳам улар Аляска ва бошқа штатлар орасидаги энг қисқа маршрутни танлашлари керак. Шунингдек, Канада бўйлаб саёҳат вақтида миллий боғлар, дам олиш масканлари ва диққатга сазовор жойларга бориш тақиқланади — улкан жарималар мавжуд. Бироқ америкалик Жон Пеннингтон Аляскадан Кентуккига қайтишда карантин сабаб жорий этилган барча қоидаларни бузган.

Пеннингтон Канада жанубидаги Банф миллий боғига ташриф буюрган. Унинг автомобилини полиция тўхтатиб, маҳаллий шифохонага коронавирус учун тест топширишга жўнатган. Шундан сўнг ҳайдовчига 910 доллар жарима белгилаб, мамлакатни тарк этиш бўйича буйруқ берган. У буйруқни бажармай, эртаси куни ҳам диққатга сазовор жойларнинг бирини айланаётганида қўлга олинган. Натижада америкалик Канадада 569 минг долларлик карантин қоидаларини бузган. Бундан ташқари, у олти ойгача қамалиши мумкин — якуний қарорни ноябрь ойида ўтказиладиган маҳаллий суд белгилайди.