Бостондаги аукционда АҚШнинг 16-президенти Авраам Линкольнга тегишли бир тутам соч 81 минг доллар эвазига сотилди. Лот билан бирга, мамлакат раҳбарининг ўлдирилиши ҳақидаги қонли телеграмма ҳам янги эгасини топган, деб хабар беради CNN.

Фото: The Atlantic

Линкольннинг бошига 1865 йилнинг 14 апрель куни Вашинтондаги Ford театрида ўқ узилган, эртаси куни эса у вафот этган. Қотил — актёр Жон Уилкс Бут.

Узунлиги беш сантиметрга етадиган бир тутам соч шикорлар томонидан Линкольн жасадини патологоантомик текшириш вақтида қирқиб олинган. Шифокор уни президентнинг қотиллиги ҳақида ёзилган мамлакат мудофаа идорасининг телеграммасига ўраб, устига «А.Линкольннинг сочлари» деб ёзиб қўйган.

Фото: CNN

Сочлар доктор Лайман Бичер Тоддга, кентуккилик почта мудирига ва 16-президентнинг бевасини амакиваччасига берилган.

Бостондаги аукционга қўйилган сочларнинг дастлабки нархи 75 минг долларни ташкил этган. Якуний нархи эса 81 250 долларга етган. Харидорнинг исми ошкор этилмаган.

Таъкидланишича, президентнинг сочлари ва телеграмма сўнгги бор 1999 йилда сотилган.

Эслатиб ўтамиз, 2015 йилда Авраам Линкольн қўли билан ёзилган мактуб Нью-Йоркдаги кимошди савдосида 2,2 миллион долларга сотилган эди.