Ички ишлар вазирлиги қошидаги 2-сонли Тошкент академик лицейи директори лавозимида ишлаган подполковник Пардиев Абдураҳмон Азизович 11 сентябрь куни 52 ёшида вафоти этди, дея хабар бермоқда ИИВ ахборот хизмати.

Фото: Ички ишлар вазирлиги

Абдураҳмон Пардиев илгари Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги малака ошириш институти бошлиғи сифатида ҳам фаолият олиб борган.

«Дарё»нинг расмий доиралардаги манбаси берган маълумотга кўра, Абдураҳмон Пардиев коронавирусга чалинган, Зангиотадаги COVID-19 беморларини даволашга ихтисослаштирилган касалхонада даволанаётган эди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу ўлим ҳолати коронавирус асоратлари оқибатида юз берганини ҳозирча тасдиқлагани йўқ.

«Дарё» ҳисоби бўйича Ўзбекистонда коронавирус қурбонлари сони 416 нафарга етди.

Абдураҳмон Пардиевдан ташқари ички ишлар органлари тизимида ишлаган камида 6 нафар ходимнинг коронавирус қурбони бўлгани расман тасдиқланганди:

  • Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот технологиялари, алоқа ва ахборотни ҳимоялаш бўлими бошлиғи ўринбосари, майор Аълохон Шомаҳмудов 36 ёшда;
  • IV Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бўлими бошлиғи подполковник Шавкат Нафасов 48 ёшда;
  • Тошкент шаҳар Сергели тумани бўйича ИИО ФМБ подполковниги Абдулазиз Тошев 42 ёшда;
  • ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати катта мутахассиси, подполковник Зойир Сайдалиев 51 ёшда;
  • Қорақалпоғистон Ички ишлар вазирлиги Патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси кинология хизмати бўлими бошлиғи, подполковник Есемурат Қайипназаров 49 ёшда
  • ИИВ академиясининг истеъфодаги полковниги Султонбой Тангирбердиев 61 ёшда вафот этганди.

Улардан Аълохон Шомаҳмудов, Шавкат Нафасов ва Есемурат Қайипназаровлар вафотидан сўнг «Жасорат» медали билан тақдирланган.