Доғистонлик эркак беш соат мобайнида 9,3 килограмм вазн ташлади ва Россия Рекордлар китобига киритилди. Бу ҳақда «Федерал янгиликлар агентлиги» хабар берди.

Фото: Федерал янгиликлар агентлиги

2020 йил 9 сентябрь куни 66 ёшли Багам Айгобов Махачкаладаги Елена Исинбаева номидаги стадионда 5 соатлик югуришни амалга оширди. Югуриш жараёни бошланишидан аввал Айгобовнинг вазни 88 килограммни ташкил қилган. Бутун жараён давомида шифокорлар эркакнинг ҳолатини кузатиб турди, аммо югурувчи ўзини яхши ҳис қилди.

Айгобовнинг таъкидлашича, ҳозир аксарият инсонлар ортиқча вазнга эга. У бу каби одамларни танаси ҳамда руҳини бошқара олмайдиган дангасалар, деб атаган. «Ҳаттоки кўпгина спортчилар ҳам 2-3 килограмм вазн йўқота олмайди. Мен эса бунинг иложи борлигини исботлайман», − дейди у.

Фото: Федерал янгиликлар агентлиги

Шунингдек, рекордчи мунтазам равишда спорт, шу жумладан, югуриш билан шуғулланишини таъкидлаган. У аллақачон 120 дан 69 килограммгача бўлган вазн тоифалари орасида тез вазн йўқотиш бўйича бўлиб ўтган танловда иштирок этган. Айгобов тез вазн йўқотиш бўйича кўп карра чемпион бўлишни ҳам режалаштирмоқда.