Хоразм вилоят 1-сон клиник шифохонаси шифокори Бахтиёр Қиличев 66 ёшида вафот этди. Бу ҳақда «Xabar.uz» маълум қилди.

Фото: «Xabar.uz»

Тошкент Тиббиёт институтининг даволаш факультетини тугатган Бахтиёр Қиличев иш фаолиятини Хива туман шифохонасида бошлаган. Кейинчалик вилоят ИИБ тиббий хизмат врачлик амбулаторияси бошлиғи, Хоразм вилоят 1-сон клиник шифохонасида ишлаган.

Хабарда айтилишича, шифокор Бахтиёр Қиличев коронавирус инфекцияси асоратларидан вафот этган. Ушбу ўлим ҳолати юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳозирча ахборот бергани йўқ.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарёда хусусий клиника бош шифокори Тўрақул Холиқов 65 ёшида, Чироқчи туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Тўлқин Ашуров 51 ёшида, Қашқадарё соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари, бошқарма ҳузуридаги COVID-19’га қарши курашни мувофиқлаштирувчи штаб раҳбари Шерали Нурматов 61 ёшида, Самарқанд шаҳридаги 1-сонли туғруқхона бош врачи Гулнора Жўраева 56 ёшида, Яккасарой туман тиббиёт бирлашмаси шифокори Алишер Уралов 52 ёшида, Тошкентнинг Олмазор туманидаги 18-оилавий поликлиника катта ҳамшираси Феруза Тўхтаева 60 ёшида, Чилонзор тумани Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бактериология лабораторияси мудири Марҳабо Аҳмедова 62 ёшда коронавирус асоратларидан вафот этгани хабар берилган эди.