Ўзбекистонда очиладиган Россия ИИВ паспорт-виза хизмати ваколатхонаси фақат иш патенти бериш билан шуғулланади, унинг паспорт тизимига алоқаси йўқ. Бу ҳақда 16 сентябрь куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи Муҳаммадзокир Маматхонов айтиб ўтди.

Президент Шавкат Мирзиёев «Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади. Ҳужжатда 2021 йил 1 январга қадар Ўзбекистонда Россия Ички ишлар вазирлигининг паспорт-виза хизмати ваколатхонаси очилиши белгиланган.

Матбуот анжуманида «Дарё» мухбири Ўзбекистонда Россия ИИВнинг паспорт-виза хизмати ваколатхонаси очилиши қанчалик мақсадга мувофиқлиги, ижтимоий тармоқларда ушбу ҳолат турли хавотирларга сабаб бўлаётгани ҳақидаги савол билан Ташқи меҳнат миграцияси мутасаддиларига мурожаат қилди.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги раҳбари хавотирга ўрин йўқлигини таъкидлади.

Ушбу хизматнинг йўлга қўйилиши паспорт тизимига умуман алоқадор эмас. Россия Ички ишлар вазирлигининг паспорт-виза хизмати ваколатхонаси мустақиллигимизга, паспорт тизимимизга таъсир ўтказмайди. Шу боис одамларда хавотир уйғонмасин. Бу ташкилот Россиядаги ўзбек мигрантларга ишлаш рухсатини, яъни патент беради холос.

Фуқароларимиз Россияга борганида, патент олиш учун тегишли ташкилотларга тўғридан-тўғри мурожаат қилмайди, аксинча, «хизмат кўрсатамиз» дея таклиф билдирувчи ўртакашларга ишонади. Натижада кўп маблағ сарфлаб, сарсон бўляпти. Афсуски, тил билмасдан қийналаётган, фирибгарларга алданиб қолаётганлар ҳам бор.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонга ишлаш учун келган хорижликлар ёки Ўзбекистонда вақтинча яшаётган одамлар паспорт-виза режимимиздан албатта рўйхатдан ўтади. Шунингдек, белгиланган миқдордаги тўловни амалга ошириб, агентлигимиздан ишлаш учун рухсатнома сотиб олади.

Мазкур тартиб бутун дунёда мавжуд. Фақат тўлов тизими турлича — айрим мамлакатларда тўлов иш берувчи томонидан амалга оширилади, баъзиларида эса ишчининг ўзи тўлайди.

Муҳаммадзокир Маматхонов, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи