1975 йилдан 1990 йилгача фуқаролик уруши гирдобида қолган Ливанда энг қўрқинчли фожиани фаластинлик қочқинлар бошдан кечирди. Ливаннинг радикал фалангистлари 1982 йил 16–17 сентябрда фаластинлик қочқинлар яшовчи Сабра ва Шатила лагерларида қирғин уюштирди. «Дарё» сана муносабати билан ушбу фожиа ҳақида ҳикоя қилади.

Кўпгина Фаластин ташкилотлари ушбу фуқаролар урушида фаол иштирок этди, уларнинг аксарияти турли хил партиялар ва гуруҳларни бирлаштирган, асосан мусулмонлардан иборат ҳукуматга қарши «Миллий-ватанпарварлик кучлари» коалицияси тарафида турди. Ушбу гуруҳларнинг ўзаро қарама-қаршилиги натижасида бир неча марта тинч аҳолини қирғин қилиш ҳолатлари юз берди ва натижада минглаб одамлар ҳалок бўлди. Шундай қилиб, 1976 йил 18 январда ўнг қанот христиан-фалангистлар Карантинага бостириб кирди (Фаластинни озод қилиш ташкилоти томонидан назорат қилинадиган Байрутнинг мусулмонлар маҳалласи), мингдан ортиқ одам, шу жумладан, тинч аҳоли қирғин қурбонига айланди.

Фото: Google Photos

ФОТ жангарилари ҳам, ўз навбатида, орадан икки кун ўтиб – 1976 йилнинг 20 январида христианларнинг Дамур шаҳрини эгаллаб олди, ҳужум ва ундан кейин содир бўлган қирғинларда жами 584 киши ҳалок бўлди. Ўша йилнинг август ойида узоқ давом этган қамалдан сўнг бирлашган ўнг қанот христиан кучлари Фаластиннинг христиан шарқий Байрутидаги асосий ҳарбий базаси бўлган Тел ал-Затаар қочоқлар лагерини эгаллаб олди. Турли тахминларга кўра, у ерда 1 500 дан 3 000 гача фаластинлик ҳалок бўлди.

Ливанда фуқаролик уруши

ФОТнинг мавжудлиги 1970 йилларнинг охирида Ливанда барқарорликни бузувчи кучли омилга айланди. Жанубий Ливан қуролланган ФОТ қуролли кучлари томонидан назорат қилиниб, қочқинлар лагерлари жангариларнинг машғулот базасига айлантирилди. Бир неча йиллар давомида Ливан жанубидаги базалардан Исроилга қарши ўқ отиш ва террористик ҳужумлар уюштирилди. Исроил бунга ҳаво ҳужумлари ва қуруқликдаги чекланган операциялар билан жавоб қайтарди.

1982 йил 1 сентябрда Байрут ҳудудидаги шиддатли жанглардан сўнг Фаластинни озод қилиш ташкилоти қуролли кучлари Исроил билан келишув доирасида халқаро кучлар назорати остида Ливанни тарк этишди. Исроил бунга жавобан Фаластин ва мусулмонлар яшайдиган ғарбий Байрутга қўшин юбормасликка ваъда берди. Қўшма Штатлар Ливанда қолган фаластинлик тинч аҳолининг хавфсизлигига кафолат берди. 15 сентябрда салкам бир ой олдин Ливан президенти этиб сайланган насроний Башир Гемаел ўлдирилганидан сўнг Исроил қўшинлари аввалги келишувларга зид равишда ғарбий Байрутга кириб келди. Ливанлик христианлар Гемаелнинг ўлимида фаластинликларни айбдор деб ҳисоблади.

Сабра ва Шатила лагерлари

Сабра ва Шатила лагерлари 1947–1949 йилларда Араб-Исроил уруши натижасида Фаластин араб аҳолисининг аксарияти ўз уйларини тарк этганларидан кейин ташкил этилган. Урушдан кейин Исроил қочқинларнинг ерлари ва уйларини реквизиция қилди ва уларнинг Исроилга қайтишини тақиқлади. Ливан ҳукумати эса қочқинларга фуқаролик беришни рад этди, уларнинг ижтимоий-иқтисодий шароитлари жуда паст эди.

1970 йилда Иорданияда «давлат ичида давлат» тузишга уринишдан сўнг Фаластинни озод қилиш ташкилотининг жангчилари Иорданиядан қувиб чиқарилиб, Ливанга кўчиб ўтди. Уларнинг қароргоҳлари қочқинлар лагерлари, жумладан, Сабра ва Шатила эди. Ливанда Фаластин жангариларининг пайдо бўлиши ушбу мамлакатнинг конфессионал ва этник таркибини беқарорлаштирди ва узоқ вақт давом этган фуқаролар урушининг бошланишида муҳим рол ўйнади.

Фото: Google Photos

Бир қатор манбаларга кўра, Сабра ва Шатила лагерлари халқаро терроризм учун асосий ўқув марказлари бўлиб хизмат қилган. Бутун дунёда таниқли террорчиларнинг аксарияти (Италиянинг Қизил бригадаси, Германиянинг Қизил Армия Фракцияси, Баск ETA’си, Илйич Рамирез Санчес, Абу Нидал, Ироқ, Ливия, Яман, Миср, Жазоирдан келган террорчилар) бу ерда Фаластинни озод қилиш ташкилоти мутахассислари томонидан самолётларни олиб қочиш, пластик портловчи воситалардан фойдаланиш бўйича ўқитилган. ФОТ жангарилари томонидан асирга олинган кўплаб ливанликлар бу лагерлардан тирик чиқмади.)

Фалангистлар

Фалангистлар миллатчи Ливан христиан партияси «Катаиб» аъзолари эди. Партия 1936 йилда Пер Гемаел томонидан ташкил этилди. Партия ғарбпараст йўналишга риоя қилган ҳолда мамлакат сиёсатида муҳим рол ўйнади. Фалангистлар 1975 йил 13 апрелда фаластинлик жангарилар томонидан ўзларининг етакчиси Пер Гемаелнинг ҳаётига қилинган таҳдидга жавобан фаластинликлар ўтирган автобусга ўқ узди. Ушбу воқеа Ливанда кўп йиллик фуқаролар урушини келтириб чиқарди.

Ливанда фуқаролар уруши бошлангач Исроил томони фалангистлар билан яқин алоқалар ўрнатди ва уларни қурол-яроғ, кийим-кечак ва бошқа материаллар билан таъминлади. 1982 йилда фалангистлар Исроилнинг Ливанга бостириб киришини қаттиқ қўллаб-қувватлади. Фалангистлар партияси раҳбари шайх Пер Гемаел Исроил телевидениесига берган интервьюсида ундан фалангистлар нега жанговар ҳаракатларда иштирок этмасликларини сўрашганда улар араб дунёсида бегона бўлишни истамасликларини айтди.

Ливан етакчиси Этен Сакер бошчилигидаги «Кедрлар қўриқчилари» миллатчи ташкилоти очиқдан очиқ исроилликларнинг тарафини олди. Мамлакат жанубига ҳужумлар пайтида Исроил қўшинлари христиан ва мусулмон (асосан шиалар) аҳоли томонидан илиқ кутиб олинди, улар Фаластин ташкилотларининг доимий ўзбошимчаликларидан чарчаган эди. Кахан комиссиясининг маълумотларига кўра, Исроил Бош штаби бошлиғи Эйтан фалангистларга жангларда қатнашишдан тийилишни буюрган, чунки у тинч аҳолининг қасос олишидан қўрққан.

Фалангистлар раҳбарияти фаластинлик қочқинлар Ливандаги насронийларнинг мавқейига (сиёсий ва демографик нуқтаи назардан) хавф туғдиради деб ҳисоблар эди ва шу сабаб уларни мамлакатдан чиқариб юборишни, шу жумладан, зўравонлик ишлатишни қўллаб-қувватлади. Исроил Ливанга бостириб кирганидан сўнг фалангистлар «Ketaib Lubnaniyeh» ёзуви ва садр тасвири туширилган эмблемаси бўлган Исроил ҳарбий кийимларини кийди (Report of the Commission of Inquiry into the events at the refugee camps in Beirut, 8 February 1983).

Фото: Google Photos

Сабра ва Шатилада ФОТ жангарилари борлиги ҳақидаги фикрлар

Фаластинни озод қилиш ташкилотининг билдиришича, жангарилари келишувга биноан қирғиндан икки ҳафта олдин Байрутни бутунлай тарк этди. Бироқ лагерларни ўраб олиш жараёнида Исроил кучларининг ўққа тутилиши ва кўплаб кўрсатмалар шуни кўрсатадики, операция куни лагерларда Фаластин ва Ливан мусулмонлари томонидан бир қатор қуролланган одамлар бўлган эди.

Уларнинг сони бироз мунозарали масаладир. Хусусан, Гемаел ўлдирилгандан сўнг Ариэл Шарон Фаластинни озод қилиш ташкилоти ғарбий Байрутда 2-3 минг жангарини қолдирганини айтади. Сабра ва Шатилада ФОТ жангарилари, шунингдек, камуфляж қилинган ерости истеҳкомлари борлиги ҳақидаги маълумотни ФОТ иттифоқчиси ушбу лагерларга бир неча бор ташриф буюрган таниқли халқаро террорчи Илйич Рамирес Санчес ҳам тасдиқлайди.

Журналист Дональд Нефф Сабра ва Шатиладаги Фаластинни озод қилиш жангариларининг айбловлари Исроил томонининг уйдирмаси деб ҳисоблайди. Фаластинлик гувоҳлар ва баъзи журналистларнинг сўзларига кўра, фаластинликлар ва ливанликларнинг кам сонли қуролланган гуруҳи лагерларни ҳимоя қилишга уринди.

Воқеалар ривожи

15 сентябрь куни соат 6:00 да Исроил армияси ғарбий Байрутга кириб келди. Каханнинг ҳисоботларига кўра, дастлаб қуролли қаршилик кўрсатилмаган, бироқ бир неча соатдан кейин шаҳарда қуролланган жангарилар ҳаракати бошланди. Натижада, уч аскар ҳалок бўлди ва 100 дан ортиқ киши яраланди. Сабра ва Шатила кварталларини ўраб олиш ва тўсиш жараёнида Шатиланинг шарқий қисмида кучли отишма бошланди. Бир Исроил аскари ҳалок бўлди ва 20 киши яраланди.

Кахан комиссияси келтирган армия йўқотишлари ҳақидаги фактлар баъзи журналистлар томонидан рад этилди. 16 сентябрь куни соат 18:00 да режага мувофиқ фалангистлар отрядлари, жами 200 га яқин киши, Сабра ва Шатила туманларига «ФОТ террорчиларидан тозалаш» мақсадида кириб келди. Морриснинг сўзларига кўра, фалангистлар ва лагер аҳолиси ўртасидаги тўқнашув фалангистлар лагерга киргандан сўнг дарҳол кечки соат олтиларда тўхтади. Фалангистлар кучлари кичик бўлинмаларга бўлиниб, уйма-уй юриб, аҳолини аёвсиз қириб ташлади. Қирғин деярли 30 соат тўхтовсиз давом этди.

Фото: Google Photos

Кўп ўтмай лагерда тинч аҳоли қирғин қилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Қирғиннинг иккинчи кунида фалангистлар лагерлар ичида жойлашган Акка касалхонасига бостириб кирди, улар у ерда беморларни ўлдирди, иккита ҳамширани зўрлашди ва ўлдиришди. Кейин лагер аҳолиси яқин атрофдаги стадионга олиб кетилди. Фаластинликларнинг гувоҳлик беришларига кўра, бу ерга келингач эркакларга ерда судралиши буюрилган ва тез судралиб юрганлар шу ердаёқ ўлдирилган, чунки бу уларнинг жангари эканликларини англатиши мумкин эди.

17 сентябрь куни икки Исроил журналисти Ицхак Шамир ва Шарондаги тинч аҳолининг оммавий равишда ўлдирилгани тўғрисида изоҳ талаб қилишди, аммо улар бунга жавоб ололмади. Фалангистлар Сабра ва Шатилада 18 сентябрь куни эрталаб соат саккизга қадар бўлди. Худди шу куни эрталаб соат тўққизда лагерда бўлган Исроил ва хорижлик журналистлар бу ерда юзлаб жасадларни топди. Яна номаълум миқдордаги жасад фалангистлар томонидан бульдозерлар ёрдамида лагерларнинг жанубий қисмидаги харобалардаги ариқларга кўмиб юборилди.

16 сентябрь куни тушдан кейин оқ байроқ тутган беш оқсоқол лагердан чиқиб кетди, улар исроилликлардан лагерларни артиллерия билан ўққа тутишни тўхтатишни сўрамоқчи эди. Аммо тўрт элчи Исроил армиясининг текширув пунктида ўлдирилди.

Воқеалар талқини

Le Monde нашридан Пер Пен шундай деб ёзади: «Фаластинликларнинг кўрсатмаларига кўра, Исроил аскарлари лагерларнинг яқин атрофи ва ичкарисида ҳибсга олиш, қароқчилик, калтаклаш ва қатл этиш ишларида қатнашди. Худди шу гувоҳликларга кўра, кейинчалик исроилликлар томонидан ҳибсга олинган эркаклар, болалар ва ўспиринларнинг баъзилари ўлдирилди».

Lang Folk (Дания) газетаси мухбири Клаус Ларсен ҳам Исроил армиясининг қуйи сафлари фалангистлар билан лагерда бўлганини ёзди. Далил сифатида у нафақат тирик қолган фаластинлик гувоҳларнинг кўрсатмаларини, балки улар топширган ашёвий далилларни ҳам келтирди.

Кахан комиссияси

Қирғин тафсилотлари маълум бўлгандан сўнг Исроил мухолифатчилари воқеа учун Исроилнинг жавобгарлиги даражасини текширишни талаб қилди. 24 сентябрда Тель-Авивда намойиш ўтказилди, намойишчилар Бош вазир Бегин ва мудофаа вазири А. Шароннинг истеъфосини ва суд комиссиясини тайинлашни талаб қилди. Бу Исроил тарихидаги энг оммавий норозиликлардан бири бўлиб, мамлакат аҳолисининг деярли 10 фоизини қамраб олган.

Фото: Google Photos

Бегин ҳукумати аввал Исроил қирғин учун жавобгар эмаслигини айтди. Ҳукумат баёноти эълон қилинди, унда Исроилга қарши барча айбловлар туҳмат ва антисемитизм деб номланди. Исроил ичидаги норозилик кучайгани сабабли тергов мамлакат нуфузига зарар етказади деб ҳисоблаган кўплаб вазирларнинг қаршиликларига қарамай, бош вазир Менахем Бегин 1982 йил 29 сентябрда Исроил бош судьяси Йицак Кахан бошчилигида мустақил комиссия тузди. Комиссия ҳисоботида қирғин араблар томонидан арабларга қарши амалга оширилгани ва унда битта ҳам Исроил аскари ёки Исроилнинг тўғридан-тўғри иттифоқчиси (Ливан жанубидаги армия қисмлари назарда тутилган) қатнашмагани айтилди.

Шу билан бирга, комиссия мудофаа вазири Ариэл Шарон фалангист насронийлардан қасос олиш имкониятини ҳисобга олмаган ва ўз қуролли кучларига ҳудуд бўйлаб эркин ва назоратсиз ҳаракат қилиш имкониятини берган ҳолда бепарволик қилганини аниқлади. Шунингдек, комиссия Бош штаб бошлиғи Рафаэл Эйтан, Ҳарбий разведка бошлиғи Еҳошуа Саги (ишдан бўшатилган) ва «Моссад» директори Нахум Адмонининг ҳаракатларини қониқарсиз деб топди. Комиссиянинг ҳисоботидан сўнг Вазирлар маҳкамаси Шароннинг мудофаа вазири лавозимидан истеъфога чиқишига овоз берди. Кахан комиссиясининг ҳисоботи АҚШ ва ғарбий Европада демократияда ўзини танқид қилишнинг муҳим намунаси сифатида баҳоланди.

Халқаро муносабат

БМТ Хавфсизлик Кенгаши қирғинни қоралади. БМТ Бош ассамблеясида қабул қилинган резолюция Сабра ва Шатиладаги қатлиомни геноцид акти сифатида баҳолайди. АҚШ президенти Роналд Рейган ушбу ҳужумдан даҳшатга тушганини айтди. Халқаро ҳамжамият Исроилни тинч аҳолини қирғин қилишда айблади. Ушбу фикрга кўра, маҳаллий Исроил қўмондонлари ва юқори ҳарбий қўмондонликнинг ҳаракатсизлиги қирғиннинг рўй беришига имкон берди. Бир қатор манбаларга кўра, Сабра ва Шатиладаги қирғинларга айнан Исроил аралашгани учун жуда катта эътибор берилди. Ушбу фикр, хусусан, ўтиш даврида иқтисодиёт институти олимлари томонидан билдирилди.

Дилбар Исматуллаева тайёрлади.