Қурбонмурод Тапаров молия вазирининг ўринбосари лавозимига тайинланди. Вазирлик матбуот хизматининг хабар беришича, бу ҳақда 15 сентябрь куни Президент қарори қабул қилинган.

Фото: Молия вазирлиги матбуот хизмати

Қурбонмурод Тапаров 1978 йилда Қашқадарё вилояти, Ғузор туманида туғилган. Маълумоти олий, 1999 йилда Қарши давлат университетини, 2004 йилда Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси ва 2012 йилда Рицумейкан университетларини (Япония) тамомлаган.

Қурбонмурод Тапаров ўз фаолиятини 1999 йилда Қашқадарё вилояти молия бошқармасининг 1-тоифали иқтисодчиси лавозимида бошлаган.

2003 йилда Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат эҳтиёжлари учун харид қилинадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳисоб-китоби жамғармасининг Қашқадарё вилоятидаги минтақавий етакчи инспектори сифатида, кейинчалик ушбу бошқарманинг Қорақалпоғистон Республикаси бюджети ва маҳаллий бюджетларнинг тузилиши ва ижро этилиши устидан назорат олиб бориш бўлими бош иқтисодчиси, бўлими бошлиғи ўринбосари ва бўлим бошлиғи лавозимларида ишлаган.

2017—2018 йилларда — Молия вазирлиги Ҳудудлар молияси бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари ва кейинчалик бошқармаси бошлиғи, 2018 йилдан бошлаб Ўзбекистон президенти администрацияси маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ишлаш шўъбаси етакчи инспектори лавозимида ишлаб келган.

Тайинловга қадар Ўзбекистон Президенти администрацияси ҳокимият вакиллик органлари ва сиёсий партиялар билан ҳамкорлик қилиш шўъбаси етакчи инспектори лавозимида фаолият юритган.

Аввалроқ Ўзбекистон Молия вазирлиги Ижро назорати ва мурожаатлар билан ишлаш бошқармасига янги раҳбар тайинлангани хабар берилган эди.