Наманган вилояти Норин туманидаги 3-сонли мактабгача таълим ташкилоти жойлашган маҳалла ҳудудида коронавирус билан касалланган фуқаролар аниқланганлиги сабабли фаолияти вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда Мактабгача таълим вазирлиги матбуот котиби Мавлуда Асқархўжаева АОКА ҳузурида ташкил этилган брифингда маълум қилган.

Айтиш керакки, 2020 йилнинг 14 сентябридан бошлаб Ўзбекистонда жами 40 та давлат мактабгача таълим ташкилоти иш фаолиятини қайта бошлаган бўлса, 15 сентябрь ҳолатига кўра бу рақам 60 тани ташкил этди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда карантин талабларини қисқартириш мақсадида Республика махсус комиссиясининг қарори билан 2020 йил 5 сентябрдан мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим мактабларининг фаолиятига рухсат берилган, мактабгача таълим вазирлиги 7 сентябрдан 14 сентябргача Тошкент ва Тошкент вилоятининг туманларида биттадан МТТнинг очилишини йўлга қўйилиши, 14 сентябрдан бошлаб ушбу жараён бутун республика бўйлаб босқичма-босқич ўтказилишини билдирган эди.  МТМларнинг очилишида тарбияланувчилар ва ходимлар хавфсизлигини таъминлаш учун маълум чора-тадбирлар кўрилади.