Наманган вилоятида икки ёш ота-онасини қўрқитиб қўймоқчи бўлиб, бир-бирининг қорин қисмига пичоқ тиққан. Бу ҳақда ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси ахборот хизмати хабар қилди.

Фото: Google Images

Маълум қилинишича, 2020 йил 15 сентябрь куни соат 11:40 ларда навбатчилик қисмига туман шифохонасидан фуқаро К.М.ни оғир тан жароҳати билан олиб келинганлиги ҳақида хабар тушган.

Аниқланишича, шу куни соат 11:00 ларда Наманган вилояти Косонсой тумани «Узунқишлоқ» МФЙда яшовчи 1999 йил 13 августда туғилган фуқаро И.М. ва Косонсой тумани, «Боғ» МФЙда яшовчи 2000 йил 13 июлда туғилган фуқаро (аёл) К.М. бир-бирлари билан бир-неча йил давомида яхши кўриб келган. Лекин ота-оналари уларнинг турмуш қуришларига қаршилик қилган.

Бундан норози бўлган икки ёш ўзаро келишган ҳолда, ўз жонларига қасд қилиш мақсадида, дала майдонига борган. Ўзлари билан олиб келган ош пичоқ билан дастлаб К.М. яхши кўрган йигити И.М.нинг қорин қисмига бир маротаба уриб, сўнгра пичоқни И.М.га бериб, қорнига уришни сўраган ва И.М.пичоқ билан К.М.нинг қорин қисмига бир маротаба урган вақтида қиз ҳушидан кетиб йиқилиб тушган.

Оқибатида пичоқ қизнинг қорин қисмига чуқур кириб кетиши натижасида вафот этган. И.М эса шифохонага ётқизилган.

Ушбу ҳолат бўйича туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Дастлабки суриштирувларга кўра, И.М ва К.М. 5 йил давомида ўзаро севишиб юрганлигига қарамасдан, К.М.нинг отаси қизини Косонсой тумани, «Тергачи» МФЙда яшовчи, 1997 йилда туғилган Ф.А.га унаштириб қўйганлиги сабабли, 2020 йил 14 сентябрь куни И.М қизнинг отасини олдига бориб, қизини унга беришини сўраганда рози бўлмаган.

Шундан сўнг, 15 сентябрь куни соат 09:00 ларда И.М. ва К.М. ўзаро телефон орқали келишиб, Косонсой туман марказидаги Истироҳат боғи олдида кўришиб, улар иккаласи биргаликда Косонсой туман марказида жойлашган Деҳқон бозоридан 1 дона ош пичоғини 4000 сўмга сотиб олиб, Косонсой тумани, «Такаранг» МФЙ, Фитрат кўчасида жойлашган «Намуна ширин» фермер хўжалиги дала майдонига бориб, ўзаро келишиб, ота-оналарини ўзаро турмуш қуришларига рози қилиш учун дастлаб, И.М.нинг қорин қисмига К.М. бир маротаба пичоқ урган, сўнгра эса К.М.нинг қорин қисмига И.М. бир маротаба пичоқ уриб тан-жароҳати етказган. Шундан кейин, К.М. олган тан-жароҳати натижасида туман тиббиёт бирлашмасида вафот этган.