Халқ депутатлари Оҳангарон тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Тошкент вилояти ҳокими Рустам Холматов туман ҳокимлигига Абдурасул Абдуллаев номзодини тавсия қилди. Бу ҳақда вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги

Таъкидланишича, ушбу номзод сессия иштирокчилари томонидан тасдиқланган

Абдурасул Абдуллаев 1968 йил Қашқадарё вилоятининг Китоб туманида туғилган. 1991 йили Тошкент Халқ хўжалиги институтини тамомлаган.

Марказий банкнинг Самарқанд вилояти бош бошқармаси бошлиғи, «Ипотека банк» АТИБ бошқаруви раиси, «Ўзсаноатқурилишбанк» ОАТБ бошқаруви раиси сифатида ишлаган. 2014 йилда Ўзбекистон акциядорлик тижорат «Халқ банки» бошқаруви раиси этиб тайинланган. 2019 йилда у Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари — «Ўзбекчорванасл» агентлиги директори этиб тайинланган.

Оҳангарон туманига 2019 йил ёзидан буён Абдувоҳид Турдибоев ҳокимлик қилиб келаётганди.

Аввалроқ Пискент туманига янги ҳоким ва сектор раҳбарлари тайинлангани тўғрисида хабар берилганди.