Эндиликда жойлаштириш воситалари хизматИдан фойдаланган Ўзбекистон фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар E-Mehmon автоматлаштирилган ахборот тизимига киритиш орқали ҳисобга олинади, дея хабар бермоқда Давлат туризм қўмитаси.

Фото: «Дарё»

Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидаги меҳмонхоналар, даволаш муассасалари, санаторийлар, дам олиш уйлари ва шу каби бошқа муассасаларга келган фуқароларни ҳисобга олиш, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни доимий ва вақтинча рўйхатдан ўтказиш (прописка) Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 октябрдаги 845-сон қарори билан тасдиқланган тартибларга мувофиқ амалга оширилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 10 июлдаги 433-сонли «Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини тиклаш ва ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, маҳаллий ва хорижлик фуқароларнинг республика бўйлаб ҳаракатланишини мониторинг қилиш тизимини такомиллаштириш, олинган маълумотлар асосида истиқболли режалар ишлаб чиқиш ва самарали амалга ошириш мақсадида юқоридаги тартибларга тегишли ўзгартиришлар киритилди.

Қайд этилишича, бундан буён жойлаштириш воситалари хизматларидан фойдаланган барча шахслар, жумладан Ўзбекистон фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар меҳмонхоналар, даволаш муассасалари, санаторийлар, дам олиш уйларига ва шунга каби бошқа муассасаларга борганда шу муассасалар маъмурияти томонидан шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар асосида E-Mehmon автоматлаштирилган ахборот тизимига киритиш орқали ҳисобга олиниши керак.

Ҳисобга олиш аввалгидек 12 соат мобайнида эмас, балки улар келиб жойлашган вақтда, уларнинг бу ерда бўлиш муддати ва келишининг даврийлигидан қатъи назар амалга оширилади.

Жойлаштириш хизматини кўрсатувчи меҳмонхоналар, даволаш муассасалари, санаторийлар, дам олиш уйлари ва шу каби бошқа ташкилотлар раҳбарларидан мазкур тартибга қатъий риоя қилишлари сўралади.

Мазкур тартибларнинг жорий қилиниши маҳаллий ва хорижий сайёҳларнинг соғлиғи ва мулки хавфсизлигини таъминлаш, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, кафолатланган хизматлар кўрсатилишини таъминлашга қаратилгани таъкидланган.