Ўзбекистонда 15 сентябрь соат 23:30 дан 16 сентябрь соат 23:30 га қадар коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ 597 та ҳолат қайд этилди. Бу сўнгги 6 кун ичидаги энг юқори кўрсаткич. Янги ҳолатлардан сўнг Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 49162 нафарга етди. Коронавирусга чалиниш ҳолатларининг 1,2 фоизи 16 сентябрга тўғри келди.

ССВ ҳисоби бўйича 409, «Дарё» ҳисоби бўйича 426 киши коронавирус асоратларидан вафот этган.

Фото: Telegram / @ssvmatbuotkotibi

Янги касалланиш ҳолатлари

Янги касалланган 597 кишининг барчаси тана ҳарорати кўтарилгани боис профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган:

  • Тошкент шаҳрида — 310 нафар;
  • Тошкент вилоятида — 126 нафар;
  • Наманган вилоятида — 92 нафар;
  • Сирдарё вилоятида — 19 нафар;
  • Бухоро вилоятида — 14 нафар;
  • Қашқадарё вилоятида — 10 нафар;
  • Самарқанд вилоятида — 9 нафар;
  • Сурхондарё вилоятида — 7 нафар;
  • Андижон вилоятида — 5 нафар;
  • Қорақалпоғистон Республикасида — 3 нафар;
  • Навоий вилоятида — 2 нафар.

Кун давомида 11 та ҳудудда коронавирусга чалиниш ҳолати қайд этилди. Фақат Жиззах, Фарғона ва Хоразмда янги беморлар аниқланмади. 28 август куни ўтказилган йиғилишда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев кунига ўртача 370 нафар янги бемор аниқланиши карантин талаблари юмшатилган ҳозирги шароитда назорат кўрсаткичи бўлишини қайд этганди. Президент ҳақиқий ҳолат бўйича рақамларни яширишга мутлақо йўл қўймаслик тўғрисида барча раҳбарларни огоҳлантирди. Бунга уриниш жиноий жавобгарликкача бўлган қатъий чораларга олиб келиши мумкинлиги таъкидланди. Охирги 9 кунда кунлик касалланиш ҳолатлари назорат кўрсаткичидан баланд бўлмоқда.

Тошкент шаҳрида 310 кишида коронавирус аниқланди. Тошкентда сентябрь ойида энг кам касаллик аниқланган кунда 109 та (3 сентябрь), энг кўп касаллик аниқланган кунда 510 та (11 сентябрь) янги ҳолат рўйхатга олинди. Сентябрнинг 16 кунида Тошкентда касалланганлар сони 4297 нафарга кўпайди. ССВ жадвалидаги 14 та ҳудуддан 12 тасида эпидемия мавсумида ҳали бунча бемор аниқланмаган. Ҳозирда Тошкентда коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 29849 нафарга етди. Ўзбекистон бўйича COVID-19 ташхиси қўйилганларнинг 60,7 фоизи пойтахт ҳисобига тўғри келмоқда.

Тошкент вилоятида 10 сентябрь куни 186 кишида COVID-19 аниқланганидан сўнг кунлик касалланиш ҳолатлари пасаймоқда: 11 сентябрда 182, 12 сентябрда 162, 13 сентябрда 143, 14 сентябрда 130, 15 сентябрда 128 ва 16 сентябрда 126 кишида коронавирус қайд этилди. Сентябрда Тошкент вилоятида коронавирусга чалинганлар сони 1934 нафарга кўпайиб, умумий касалланганлар сони 9139 нафарга етди. Бу Ўзбекистон бўйича коронавирусга чалинганларнинг 18,6 фоизига тенгдир.

Наманган вилоятида 92 кишида коронавирус қайд этилди. Бу вилоят учун антирекорд ҳисобланади. Сентябрь ойининг 12 кунида Наманганда янги касалланиш ҳолатлари аниқланди. Бу кунларда Наманган вилоятида коронавирусга чалинганлар сони 252 кишига кўпайди. Вилоятда касалланганлар сони 1161 нафарга етди. Наманган вилояти коронавирусга чалинганлар сони бўйича Бухородан ҳам ўтиб кетдиИкки кун олдин Наманган вилояти Қашқадарёни ортда қолдирганди.

Сирдарё вилоятида 19 кишида коронавирус аниқланди. Сирдарё вилояти бугунги кунгача сентябрь ойида коронавирус қайд этилмаган ягона вилоят бўлиб турганди. ССВ Сирдарёда сентябрда янги касалланиш ҳолатлари ҳақида хабар бермаган бўлса ҳам, 8 сентябрь куни Сирдарёга иккита янги касалланиш ҳолатини қўшиб қўйди. Шу куни аслида Навоийда 2 киши коронавирус юқтириб олгани ҳақида хабар берилганди, лекин бу беморлар Навоий ўрнига Сирдарёга қўшилганди. Орадан 1 ҳафтадан ортиқ вақт ўтган бўлса-да, вазирлик бу камчиликни бартараф этмади. ССВ жадвали бўйича Сирдарёда коронавирусга чалинганлар сони 782 нафарга етган.

Бухоро вилоятида 14 кишида коронавирус қайд этилди. ССВ маълумотлари бўйича сентябрь ойида вилоятда касалликка чалинганлар сони 58 нафарга кўпайди. Аммо 13 сентябрь куни ўтказилган брифингда Бухоро вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Дилфуза Мустафоева вилоятда 239 нафар ўқитувчи ва мактаб ходими коронавирусга чалинганини маълум қилганди. Вилоят ҳокими ўринбосари Мирали Ҳамроев эса бу хабарни рад этиб, мактаб ходимларининг тести бирламчи эканлиги, улардан қайта тест олинишини билдирганди. Ҳозирда Бухорода коронавирусга чалинганлар сони расман 1104 нафарни ташкил этмоқда.

Қашқадарё вилоятида 10 кишида касаллик қайд этилди. Қашқадарёда коронавирусга чалинганларнинг умумий сони ҳозирда 1049 нафарга етди. Сентябрнинг 12 кунида вилоятда янги ҳолатлар рўйхатга олинди. ССВ бу кунларда жами 95 кишида коронавирус қайд этилганини маълум қилмоқда. Аммо «Дарё» мухбири билан суҳбатлашган вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Абдуғани Ҳимматов Қашқадарёда 855 нафар мактаб ходимида коронавирус аниқланганини маълум қилди. Унинг ўзи ҳам коронавирусдан даволанмоқда. Вилоят Санитария ва эпидемиология осойишталик маркази бош врачи Собир Муродов ўқитувчиларнинг 41 нафарида 14 сентябрь куни касаллик аниқланганини қўшимча қилганди. Аммо 15 сентябрь куни ССВ Қашқадарё вилояти Санитария-эпидемиологик осойишталик марказининг баёнотини эълон қилди, унда 855 нафар ўқитувчи коронавирусга чалингани рад этилган. Вазирлик каналида эълон қилинган хабарда 855 нафар мактаб ходими вирус юқтирганликда гумонлангани айтилиб, уларда коронавирус аломатлари мавжуд эмаслиги алоҳида таъкидланади ва бу ҳақда қўшимча маълумотлар тақдим этилишига ваъда қилинади.

Самарқанд вилоятида 9 кишида коронавирус аниқланди. Сентябрь ойида вилоятда фақат 2, 8 ва 14 сентябрь кунлари янги ҳолатлар рўйхатга олинмади. Ой давомида касалланганлар сони 260 нафарга кўпайди. Самарқандда коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 1978 нафарга етди. Вилоятда янги ўқув йилига тайёргарлик доирасида Жомбой, Пайариқ, Ургут ва Нуробод туманларининг ўзида коронавирусга тест топширган камида 180 нафар мактаб ходимида COVID-19 қайд этилган.

Сурхондарё вилоятида сентябрь ойида фақат охирги 6 жуфт санада касалликлар қайд этилмоқда: 6 сентябрда 9 та, 8 сентябрда 1 та, 10 сентябрда 5 та, 12 сентябрда 5 та, 14 сентябрда 8 та ва 16 сентябрда 7 та. Сурхондарёда ҳозирда коронавирусга чалинганлар сони 666 нафарга етди. Ўзбекистон бўйича коронавирусга чалинганларнинг 1,35 фоизи Сурхондарё вилоятига тўғри келмоқда.

Андижон вилоятида 5 кишида COVID-19 қайд этилди. Вилоятда икки ҳафтадан буён узлуксиз равишда касалланиш ҳолатлари қайд этилмоқда. Ушбу 14 кун ичида вилоятда коронавирусга чалинганлар сони 153 нафарга кўпайди ва Андижонда касалланганларнинг умумий сони 1363 нафарга етди. Ўзбекистон бўйича COVID-19 ташхиси қўйилганларнинг 2,77 фоизи Андижон вилояти ҳисобига тўғри келмоқда.

Қорақалпоғистон Республикасида 3 кишида коронавирус аниқланди.  Республикада охирги 29 кун ичида 15 марта янги касалланиш ҳолатлари рўйхатга олинган бўлса, бу кунларда бирон марта янги беморлар сони 8 нафардан ошмади. Қорақалпоғистонда коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 480 нафарга етди. Бу Ўзбекистон бўйича касалликка чалинганларнинг 0,97 фоизига тенг деганидир.

Навоий вилоятида 2 кишида коронавирус аниқланди. ССВ жадвали бўйича вилоятда коронавирусга чалинганлар сони 519 нафарга етди. Бу Ўзбекистон бўйича COVID-19 ташхиси қўйилганларнинг 1,05 фоизига тенг деганидир.

Ўлим ҳолатлари ва аҳволи оғир беморлар

ССВ Тошкент шаҳрида 4 нафар, Тошкент вилоятида 2 нафар, жами 6 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этганини хабар қилди.

Биринчи ўлим. Тошкент шаҳри Сергели туманида яшаган 61 ёшли Х.М. исмли эркак вафот этган.

Иккинчи ўлим. Тошкент шаҳри Юнусобод туманида яшаган 69 ёшли Ш.Ш. исмли эркак вафот этган.

Учинчи ўлим. Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида яшаган 69 ёшли А.Х. исмли эркак вафот этган.

Тўртинчи ўлим. Тошкент вилояти Зангиота туманида яшаган 65 ёшли Ю.I. исмли эркак вафот этган.

Бешинчи ўлим. Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида яшаган 80 ёшли А.К. исмли аёл вафот этган.

Олтинчи ўлим. Тошкент шаҳри Яшнобод туманида яшаган 62 ёшли М.Г. исмли аёл вафот этган.

Ҳозиргача Соғлиқни сақлаш вазирлиги 409 кишининг коронавирус асоратларидан вафот этганини хабар берди. «Дарё» ҳисоби бўйича коронавирусга чалингач, вафот этганлар сони 426 нафарни ташкил этмоқда.

ССВ томонидан коронавирус қурбони бўлгани «тан олинмаганлар»:

Таниқли режиссёр Сарвар Каримов ҳам 17 июль куни отаси коронавирус инфекциясидан вафот этгани, аммо унга ташхис қўйилмаганини маълум қилганди. Режиссёрнинг ўзи ва унинг бошқа оила аъзоларида коронавирус тасдиқланган. Шунингдек, 26 июль куни бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов 24 июль куни Самарқанддаги Ипак йўли халқаро туризм университетининг 33 ёшли магистранти Ўткир Темиров касалликдан вафот этганини айтган. Маълум бўлишича, марҳум ўзида COVID-19’нинг барча белгилари бўлса-да, тест ҳам топшира олмаган, касалхонага ҳам ёта олмаган. Қорақалпоғистоннинг Тахтакўпир тумани шифохонасининг 32 ёшли тез тиббий ёрдам ҳамшираси Алия Жиемуратова 28 июль куни коронавирусдан вафот этгани ҳақида «Makan.uz» хабар тарқатди. Қашқадарёда яна бир тиббиёт ходими, хусусий клиника бош шифокори Тўрақул Холиқов 65 ёшида вафот этди. «Дарё» мухбири билан суҳбатлашган хусусий клиника масъулларининг таъкидлашича, Тўрақул Холиқов сўнгги бир ой давомида коронавирус касаллигидан даволаниб келган. 16 сентябрь куни Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ Турматов 44 ёшда вафот этди. «Дарё» манбалари унинг коронавирусдан даволанаётган бўлганини маълум қилди.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 3279 нафар бемордан 469 нафари оғир, 259 нафари эса ўта оғир аҳволда. Бир кун аввал ҳам аҳволи оғир ва ўта оғир беморларнинг умумий сони 728 нафарни ташкил этаётганди. Фақат 15 сентябрда 483 кишининг аҳволи оғир, 245 кишининг аҳволи ўта оғир эди. Бир кун ичида аҳволи ўта оғирлар сони ошганини кўриш мумкин. Ҳозирда даволанишни давом эттираётганлардан 22,2 фоизининг аҳволи оғир бўлиб турибди.

Касалликдан даволаниш

16 сентябрь куни Ўзбекистоннинг 10 та ҳудудида 416 нафар бемор коронавирусдан соғайди.

Янги тузалганларнинг

  • 283 нафари Тошкент шаҳрида;
  • 62 нафари Тошкент вилоятида;
  • 18 нафари Наманган вилоятида;
  • 16 нафари Бухоро вилоятида;
  • 11 нафари Андижон вилоятида;
  • 9 нафари Самарқанд вилоятида;
  • 7 нафари Сирдарё вилоятида;
  • 5 нафари Сурхондарё вилоятида;
  • 3 нафари Қашқадарё вилоятида;
  • 2 нафари Қорақалпоғистон Республикасида касалликдан фориғ бўлди.

Уларнинг қанчаси уй шароитида, қанчаси стационар шароитда даволанганига ССВ аниқлик киритмаган.

Маълумот учун, Ўзбекистонда коронавирус эпидемияси сабаб соғлиқни сақлаш тизимига тушаётган юкламани бир қадар енгиллатиш мақсадида 5 июлдан бошлаб коронавирус инфекцияси аломатсиз кечаётган беморларга уй шароитида даволанишга рухсат берилган, ушбу йўналишда йўриқнома ва эслатмалар ҳам эълон қилинган.

Бироқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусга чалинганларга доир ахборотларида янги беморларнинг қанчасида касаллик аломатсиз (симптомсиз) кечаётганига аниқлик киритмаяпти, шу боисдан айни вақтда коронавирусдан даволанаётган беморларнинг қанчаси касалхоналарда қолаётгани, қанчаси уй шароитида даволанаётгани маълум эмас.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 49 162 нафар бемордан 45 474 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 92 фоизни ташкил этмоқда. 27 августдан сўнг биринчи марта даволаниш кўрсаткичи 92 фоизга тушди. 5—9 сентябрь кунлари даволаниш кўрсаткичи пандемия даврида илк марта 94 фоизга чиққанди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотлари бўйича айни пайтда 3279 нафар бемор COVID-19’дан даволанмоқда. Бу сўнгги 22 кун ичидаги энг юқори натижа. Тўққиз кун аввал даволанишни давом эттираётган беморлар сони 2027 нафарни ташкил этаётганди.

Ҳозирда энг кўп бемор Тошкент шаҳрида даволанмоқда — 2134 нафар. Фарғонада 10, Навоийда 12, Қорақалпоғистонда 19, Жиззахда 21, Сурхондарёда 24, Бухорода 38, Хоразмда 38, Сирдарёда 45, Қашқадарёда 70, Андижонда 104, Самарқандда 120, Наманганда 165 ва Тошкент вилоятида 479 нафар бемор қолди.

Наманганда бир кунда 92 кишида коронавирус қайд этилгач вилоят даволанишни давом эттираётганлар сони бўйича Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидан сўнг учинчи ўринга чиқиб олди.