Ўзбекистонда ёш болалар орасида коронавирус касаллиги сони кўпайиши натижасида кўплаб болалар ўлиб кетаётгани хусусидаги гаплар ҳақиқатдан йироқ. Бу ҳақда Республика махсус комиссияси ва Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Нурмат Отабеков АОКА ҳузурида ташкил этилган брифингда маълум қилган.

Республикада коронавирус бўйича статистик маълумотлар кун сайин таҳлил қилиб борилмоқда. Касалланганлар орасида ёш болалар ҳам қайд этиляпти. Буни кундалик ахборотда Соғлиқни сақлаш вазирлиги кенг жамоатчиликка тақдим этиб боряпти. Лекин ёш болаларнинг айнан коронавирус касаллигидан ўлиб кетяпти, деган маълумотлар ҳақиқатдан анча йироқ. Боиси кузатишлардан билдикки, коронавирус касаллиги ёш болаларда анча енгил кечади. Ва ёш болаларда кечадиган коронавирус касаллигининг асоратлари ҳам кам бўлади. Шунинг учун, коронавирусдан юзага келиши мумкин бўлган ўлим ҳолатлари аксарият ҳолларда ёндош касаллиги бўлган беморларда қайд этиляпти. Ёш болаларда ёндош касалликлар бўлиш эҳтимоли жуда паст бўлганлиги нуқтаи назаридан улар орасида касалликка чалинганлар вафот этяпти ва улар жуда катта миқдорда экан, деган фикрлар ҳақиқатдан анча йироқ.

Нурмат Отабеков, Республика махсус комиссияси ва Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси.

Аввалроқ Коронавирусга қарши кураш штабининг яна бир аъзоси Барно Абдусаматова Ўзбекистонда шу кунгача коронавирусга чалинганларнинг 3 932 нафари болалар бўлиб, улар орасида ўлим ҳолатлари қайд этилмагани, болалар орасида касаллик 7-18 ёшгача бўлганларда кўп учраётгани, умумий касалланиш кўрсаткичининг 55 фоизини болалар ташкил этишини айтган.