2020 йилнинг 15 сентябрь куни Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Сардор Умурзоқовнинг Россия ҳукумати раисининг ўринбосари А.Оверчук билан учрашуви бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда вазирлик.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

Қайд этилишича, учрашув икки томонлама кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлида яна бир қадам бўлди. Томонлар ўзаро келишувларни амалга ошириш жараёнини муҳокама қилдилар, шунингдек, қўшма ташаббус ва лойиҳалар доирасидаги кейинги амалий ҳаракатлар белгилаб олинди.

Инвестициявий ҳамкорликнинг истиқболли ўсиш динамикаси қайд этилди — фақатгина жорий йилнинг саккиз ойи давомида 209 қўшма корхона ташкил этилди ва Россия капитали иштирокидаги Ўзбекистон корхоналарининг умумий сони сўнгги уч йил ичида икки бараварга кўпайиб 2 мингтадан ошди.

Ўзбекистонда қўшма лойиҳаларни келишиш ва амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди — айни пайтда саноат кооперацияси соҳасида 5,8 миллиард доллар миқдорида 104 та инвестиция лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Қўшма лойиҳалар кейинчалик учинчи мамлакат бозорларига сотилиши учун ҳар икки мамлакат ҳудудида юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этишга қаратилган. Шунингдек, янги натижадор лойиҳаларни биргаликда ишлаб чиқиш орқали инвестициявий шерикликни яна-да кенгайтириш учун устуворликлар белгиланди.

Имзоланиши икки мамлакат ўртасида товар айланмасини ошириш учун қулай шароит шакллантиришга имкон яратадиган бир қатор ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар келишувини жадаллаштириш механизмлари кўриб чиқилди.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

Бундан ташқари, ЎзАнинг хабар беришича, Ўзбекистон Президенти топшириғига биноан, хорижда меҳнат қилаётган фуқароларимизга муносиб шарт-шароитлар яратиш ва улар билан тизимли ишлаш бўйича чора-тадбирлар ижросини таъминлаш мақсадида мамлакат делегацияси 2020 йил 16–29 сентябрь кунлари Россияга юборилади.

Делегация таркиби қуйидагича:

  • Хайриддинов Мехриддин Акмалович — Бош вазир маслаҳатчиси — Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва халқаро иқтисодий ҳамкорлик масалалари департаменти бошлиғи;
  • Мухитдинов Эркин Мадорбекович — Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари;
  • Эгамбердиев Абдужаббор Хусанович — Андижон вилояти ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш иқтисодий масалалари бўйича биринчи ўринбосари;
  • Пардаев Рустам Убодуллаевич — Сурхондарё вилояти ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш иқтисодий масалалари бўйича биринчи ўринбосари;
  • Ураков Жамшед Ражабович — Самарқанд вилояти ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш иқтисодий масалалари бўйича биринчи ўринбосари;
  • Саъдуллаев Алишер Зафарович — Ёшлар ишлари агентлиги директори;
  • Умаров Хайрулла Сайдуллаевич — Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи ўринбосари;
  • Ботиржонов Отабек Ботиржонович — Вазирлар Маҳкамасининг Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва халқаро иқтисодий ҳамкорлик масалалари департаменти бош мутахассиси.

Ҳукуматнинг тегишли фармойиши билан Молия, Транспорт, Ташқи ишлар вазирликлари, Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси ҳамда бошқа масъул идораларга делегация сафарини ташкил қилиш бўйича топшириқлар белгиланди.

Бош вазир ўринбосари Сардор Умурзоқов ва Россия ҳукумати раисининг ўринбосари А.Оверчук юқорида қайд этилган Россияга олий даражадаги ташрифга тайёргарлик кўриш бўйича икки мамлакат вазирликлари ва идоралари ўртасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича алоҳида келишувга эришилди. Шу нуқтаи назардан, бир қатор қўшма тадбирларни, жумладан, Минтақалараро ҳамкорликнинг II Форуми, ХҲЙК ҳудудида Ўзбекистон Кўргазма-маданий марказининг очилиши, Москвада Made in Uzbekistan Миллий кўргазмаси, Таълим форуми ва Медиафорум ташкил этилишининг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди.

Улар, шунингдек, меҳнат миграциясини тизимлаштиришнинг амалий механизмларини биргаликда ишлаб чиқиш ва ватандош-муҳожирларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга ва уларнинг Россияда яшаш ва меҳнат фаолиятини олиб бориш шароитларини яхшилашга қаратилган тартибга солинган тизимни жорий этиш бўйича келгусида биргаликда иш олиб бориш зарурлигини таъкидлади.