Ўзбекистонда янги ташкил этилган Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитасига раҳбар ва ўринбосарлар тайинланди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 15 сентябрдаги қарорига асосан Баҳром Шарипов Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси раиси лавозимини эгаллади. У 2017 йилнинг апрель ойидан буён «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси бошқаруви раиси лавозимини эгаллаб келаётганди.

Фото: Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси

Беҳзоджон Юсупов Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди.

Шерзод Асадов Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси раисининг ўринбосари лавозимига тайинланди.

Эслатиб ўтамиз, ушбу қўмита Шавкат Мирзиёевнинг «Ўзбекистон Республикасида пиллачилик ва қоракўлчиликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан 2020 йил, 3 сентябрь куни ташкил этилдиҚўмитанинг асосий вазифаси қуйидагилардан иборат:

  • пиллачилик ва қоракўлчилик соҳасида ягона давлат сиёсатини олиб бориш, шунингдек, ушбу тармоқларни ягона илмий-техникавий сиёсатни юритган ҳолда, мувофиқлаштирилган тарзда ривожлантиришни таъминлаш;
  • тут плантациялари ва яйловларнинг қатъий ҳисобини юритиш ва фондини ўрганиш, шунингдек, пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш учун озуқа базасини яхшилаш;
  • ипак қурти ва қоракўл зотли қўйларнинг юқори даражада маҳсулдор наслларини жорий қилиш;
  • пилла ва қоракўл терисидан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш мақсадида хом ашё тайёрлаш ва уни қайта ишлаш учун қулай шароитлар яратиш;
  • маркетинг тадқиқотларини ўтказиш ҳамда ипак ва қоракўлдан тайёрланган маҳсулотларни энг аввало ташқи бозорларда сотишга кўмаклашиш;
  • пиллачилик ва қоракўлчилик билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига ўз фаолиятини кенгайтириш, кластерлар ташкил этиш ва маҳсулотни экспорт қилишда ҳар томонлама ёрдам бериш.

Аввалроқ Молия вазирига янги ўринбосар тайинлангани, Ўзбекистон ФВВ марказий аппаратида ҳамда Ички ишлар вазирлиги тизимида янги лавозим тайинловлари амалга оширилгани хабар берилган эди.