Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Қашқадарё вилоят бошқармаси бир нечта фуқаролар мурожаатига асосан терговга қадар текширув ўтказди. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, унда Т.Р. ва бошқалар ўзларини гўёки «Н» хорижий компаниясининг Қашқадарё вилоятидаги расмий вакили сифатида таништириб, 17 та хорижий компаниянинг сохта акцияларини сотиш эвазига 2 минг нафарга яқин фуқародан жами 9 миллион АҚШ доллари йиғиб олган.

Шунингдек, янада кўпроқ маблағ жалб этиш ҳамда мижозлар сонини орттириш мақсадида йиғилган 9 миллион АҚШ долларидан 800 минг АҚШ долларини одамларга фоиз ҳисобида беришган.

Бундан ташқари, Т.Р. ўзига 78 минг АҚШ долларига Volkswagen, ўғли А.Н. номига 2 та Lacetti русумли автомашина ва Қарши шаҳридан савдо дўкони сотиб олиб, жиноий фаолиятдан олган даромадларни легаллаштирган.

Мазкур ҳолат юзасидан Т.Р. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.