Қишлоқ хўжалиги вазирлигида 15 сентябрь куни Президент Администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов раислигида бўлиб ўтган йиғилишда ташкилий масалалар кўрилди, жумладан, қишлоқ хўжалиги вазирига янги ўринбосарлар тайинланди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати

Хусусан, Мақсуд Рўзметов қишлоқ хўжалиги вазирининг Ерлардан самарали фойдаланиш масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланди.

Фото: Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати

Унга ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш концепциясини амалга ошириш, қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш, қишлоқ хўжалиги ерларини мониторинг қилиш, тупроқ бонитировкасини ўтказиш, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг меъёрий қийматини аниқлаш, тупроқшунослик, геоботаникага оид тадқиқотларни амалга ошириш, органик маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва мақбул қишлоқ хўжалиги амалиётини (Global G.A.P.) кенг жорий этиш вазифалари топширилди. Лавозимга тайинлангунга қадар Ўзбекистон Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси раисининг ердан фойдаланиш ва ер тузиш масалалари бўйича ўринбосари вазифасида ишлаб келган.

Вазирнинг Молиявий ва иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари лавозимига Шуҳрат Мирзаев тайинланди. У ушбу лавозимда Саидкамол Хўжаев ўрнини эгаллади.

Фото: Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати

Шуҳрат Мирзаевга қишлоқ хўжалигида молиявий муносабатлар (кредитлаш, лизинг, субсидиялаш ва дотация бериш) тизимини соҳанинг ўзига хос ҳусусиятларини ҳисобга олган ҳолда яна-да ривожлантириш, соҳада давлат-хусусий шериклик механизмларини такомиллаштириш, агробизнеснинг кластер моделини кенг жорий этиш чора-тадбирларини амалга ошириш каби вазифалар топширилди. Ушбу лавозимга тайинланишидан олдин у «Агробанк» бошқарув кенгаши раисининг ўринбосари бўлган.

Ўз навбатида Саидкамол Хўжаев вазирнинг озиқ-овқат саноатини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди ва параллел равишда Озиқ-овқат саноатини ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи бўлди.

Фото: Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати

Унга озиқ-овқат маҳсулотларини етиштирувчи корхоналар билан қайта ишловчи, тайёрловчи ва реализация қилувчи корхоналар ўртасида ўзаро манфаатли муносабатлар учун шароитлар яратиш, озиқ-овқат саноатининг ривожланишига хусусий ва тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар оқимини жадаллаштириш, замонавий савдо ва логистика марказларини ташкил этиш каби вазифалар топширилди.

Ботиржон Сулаймонов вазирнинг фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаш бўйича ўринбосари ҳамда Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий-ишлаб чиқариш маркази бош директори этиб тайинланди. Ботиржон Сулаймонов, шунингдек, Тошкент давлат аграр университети ректори лавозимида қолади.

Фото: Тошкент давлат аграр университети матбуот хизмати

Унга қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар тизими стратегиясини амалга ошириш, ишлаб чиқариш, илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари ўртасида интеграцияни таъминлаш, республикада агрохизматлар ва қишлоқ хўжалигида ахборот-маслаҳат марказлари фаолиятини йўлга қўйишга кўмаклашиш, соҳага янги илмий ва инновацион ютуқларни, рақамли технологияларни жорий этиш каби вазифалар топширилди.

Аввалроқ Молия вазирига янги ўринбосар тайинлангани, Ўзбекистон ФВВ марказий аппаратида қатор лавозим тайинловлари амалга оширилгани хабар берилган эди.