15 сентябрь куни халқ депутатлари Қонликўл тумани кенгашининг навбатдан ташқари ўн учинчи сессиясида Абу-Бакир Ибрагимов номзоди туман ҳокими лавозимига тасдиқланди. Бу ҳақда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси хабар берди.

Фото: Қорақалпоғистон Республикаси Жўғорғи Кенгеси

Абу-Бакир Ибрагимов турли йиллар давомида Қорақалпоғистон Республикаси Давлат солиқ бошқармаси юридик шахсларни солиққа тортиш бўлими бошлиғи, Нукус шаҳри ҳокимининг иқтисодиёт ва ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари, Нукус шаҳри ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари, Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи каби масъул лавозимларда фаолият юритган.

Шу вақтгача Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг саноат, қурилиш, транспорт ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси раиси лавозимида ишлаб келаётганди.

Эслатиб ўтамиз, Қонликўл туманининг аввалги ҳокими Даулет Толибаев 2020 йилнинг июль ойида коронавирус оқибатида вафот этганди, ўшанда Шарап Оспановга туман ҳокими вазифасини вақтинча бажариш юклатилганди.