Жорий йилнинг 13-15 февраль кунлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзоси, Сенатор Абдуғани Сангинов Сурхондарё вилоятининг Сариосиё, Узун ва Денов туманларида аҳоли ва кенг жамоатчилик билан учрашувлар ўтказган эди. Сенаторнинг мазкур учрашувлари давомида ҳар учала туман аҳолиси томонидан мавжуд бўлган бир қатор ижтимоий муаммолар билдирилган эди. Мазкур муаммолар бугунги кунда ўрганиб чиқилиб ижобий ҳал этилмоқда. Куни кеча вилоятнинг Сариосиё ва Узун туманларида иккита умумтаълим мактаби қайта қурилиб фойдаланишга топширилди.

Мазкур муаммолар орасида бевосита 1974 йилда қурилган 12-умумий ўрта таълим мактабида шу вақтгача мактаб ўқувчилари учун фаоллар зали, ахборот ресурс макази, кутубхона , спорт майдончаси йўқлиги ва мактаб биноси таъмирталаб бўлиб қолганлиги, мактаб биносини қайта реконструкция қилиб ва капитал таъмирлаш масалаласида амалий ёрдам сўралган эди. Ушбу сўров Сенатор томонидан инобатга олиниб қурилиш ишлари бошланди.

Мазкур мактабда қурилиш ишлари 5 ой давомида карантин талабларига тўлиқ риоя қилган ҳолда давом эттирилди. Янги қиёфада қад ростлаган таълим муассасаси фойдаланишга топширилди.

Тадбирда Сариосиё туман ҳокими , маҳаллий кенгаш депутатлари, кенг жамоатчилик вакиллари , ҳамда маҳалла фуқаролари иштирок этишди.

Очилиш маросимининг тантанали қисмида туман ҳокими қурувчи ташкилот раҳбарлари ҳамда фаол қурувчиларга туман ҳокимлигининг ташаккурномаларини тақдим этди.

Ташриф буюрган меҳмонлар мактабда яратилган шарт-шароитлар ва имкониятлар билан яқиндан танишдилар. Хусусан таълим муассасида ташкил этилган 20 ўринли ахборот ресурс маркази ўқувчи ёшларни компьютер саводхонликларини ошириш, уларни интернет тармоғидан самарали ва тўғри фойдаланишларида хизмат қилса , 3000 китоб захирасига эга кутубхонада турли бадиий, илмий ва сиёсий адабиётлар ўқувчи ёшларни маънавий етуклик сари етаклайди. Шу билан бирга 168 ўринли фаоллар зали маънавий –маърифий тадбирларни ўтказиш учун 162 ўринли ёзги томошагоҳ, ,энг асосийси эса сунъий қопламали спорт майдончасининг қуриб фойдаланишга топширилиши барчани бирдек қувонтирди. Ҳар томонлама қулай ва замонавий тартибда қурилган футбол майдончасида энди маҳалла ёшлари ҳам мактаб ўқувчилари билан биргаликда куннинг исталган вақтида спорт билан шуғулланиш имкониятига эга бўлдилар.

Таълим муассасасидаги кенг ва шинам, барча замон талабларига мос ҳолда жиҳозланган синф хоналарида санитария ва гигиена қоидаларига риоя қилинган ҳолда дарс машғулотлари ўтказиш имконияти яратилган .

Маълумот ўрнида, мактабнинг 3 нафар ўқувчиси жорий йилги Олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида 189 баллни тўплаб 100 % натижани қўлга киритган.

Тадбир сўнгида туман ҳокими ҳамда ташриф буюрган меҳмонлар мактабнинг биринчи синф ўқувчиларига президент совғаларини топширдилар.

Сенатор Абдуғани Сангиновнинг навбатдаги учрашуви 2020 йилнинг 13 февраль куни Узун туманида ташкил этилган эди. Ушбу учрашувда 53-умумий ўрта таълим мактаби директори томонидан бир қатор ижтимоий муаммолар билдирилди.

Мурожаатда айтилишича мазкур мактаб пахса лойдан қурилиб, бугунги кунда термитлар (ёғоч ва лой хашароти) еб битказиб фойдаланишга ўта яроқсиз ахволда бўлиб, ушбу ҳолат ҳам ўқитувчиларда ҳам ўқувчиларга ноқулайликлар туғдираётган эди.

Таълим муассасасида ўша жараёнда 2 навбатда ўқиш ташкил этилиб, 180 бола таҳсил олган. Мактабнинг қўшимча бинолари ҳам авария ҳолатига келиб қолган эди. Туман фаолларининг Сенаторга қилган мурожаати инобатга олиниб 2 қаватли бир вақтда 220 нафар ўқувчи таҳсил оладиган замонавий мактаб қурилиши жорий йилнинг март ойида бошлаб юборилди.

Қурувчилари томонидан 5 ой давомида қуриб битқазилган мактаб биносининг тантанали очилиш маросимида Узун туман ҳокими ўринбосари , вилоят ва туман халқ таълими мутасаддилари, маҳалла фуқаролари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари, қурувчилар иштирок этишди.

Маросимнинг тантанали қисмида туман ҳокими ўринбосари ҳамда Қурувчи ташкилот раҳбарлари сўзга чиқиб туманнинг чекка ҳудудида қуриб битқазилган ушбу таълим муассасасидаги шарт-шароитлар, қулайликлар, ушбу яратилган барча имкониятлардан тўғри ва оқилона фойланиш кераклиги ҳақида таъкидлаб ўтдилар.

Қурилиш ишларида фаол иштирок этган қурувчиларга туман ҳокимлигининг ташаккурномалари тақдим этилди. Сўнгра мактаб маъмуриятига янги мактаб биносининг рамзий калити топширилди.

Таълим муассасини кузатар эканмиз кенг ва ёруғ синфхоналар, замонавий кўргазмали қуроллар, 500 дан ортиқ бадиий ва илмий адабиётлар заҳираси мавжуд кутубхона, энг сўнгги русумдаги компьютер жамланмалари билан жиҳозланган ахборот ресурс маркази қишлоқ аҳолиси фарзандлари учун фойдаланишга топширилди.

Мактабнинг ҳар бир синфхонасида эса алоҳида қўл ювиш мосламалари ҳамда ичимлик суви билан таъминланди. Бу эса ўқувчи ёшларнинг машғулотлар жараёнида санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя қилишларига кўмак беради.

Шу ўринда мазкур мактабда қурилган сунъий тўшамали спорт майдончаси бугун чекка ҳудудда яшаётган ёшлар учун кутилмаган совға бўлди. Энди улар турли спорт тўгаракларини ва мусобақаларини ушбу майдонда ўтказадилар.

Ҳақиқатдан ҳам қир –адирлар ўртасида бундай қулайликлар яратиш анчагина захмат ва машаққат талаб этади. Мактаб ҳудудида артизан қудуғи қазилиб таълим муассасаси ва унинг атрофида яшовчи фуқаролар ичимлик суви билан таъминланди. Ўрнатилган янги трансформатор аҳолининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжлари қондиришда ёрдам беради.

Бундан ташқари, сенатор ташаббуси билан Денов тумани «Холчаён» МФЙ ҳудудида жами 12500 нафар аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш имконияти эга бўлган замонавий 21-сонли қишлоқ оилавий поликлиникаси капитал реконструкция қилинди. «Лупон» МФЙда 5000 нафар аҳолига хизмат қилиши мўлжалланган замонавий қишлоқ оилавий поликлиника янгидан қуриб берилди. Ҳар иккала тиббиёт муассаси ҳам ҳозирда аҳолига хизмат кўрсатмоқда.

Сенатор томонидан бу каби хайрли ва савобли ишлар туманларда давом эттирилмоқда. Хусусан, ичимлик суви борасида Узун, Сариосиё ва Денов туманларида жами 50 дан ортиқ сув чиқариш иншооти янгидан ўрнатилди. 80 дан ортиқ сув қудуқлари (артизанлар) таъмирланди. Электр энергияси масаласидаги мурожаатлар бўйича учта туманга умумий 30 дан ортиқ янги трансформаторлар ўрнатиб берилди. Шу қатори ички йўллар ҳам таъмирлаб берилди.

Ушбу жараёнлардан кўришимиз мумкинки, Сенатор Абдуғани Сангинов халқ вакили сифатида сайловчилар олдида берган ваъдаларини бажараётганлиги алоҳида эътироф этиш жоиздир.

Бу амалга оширилаётган ишлар авваламбор Юртбошимиз ислоҳотлари самараси бўлиб, «Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак!» деган ҳаётий тамойилларига ҳамоҳангдир.

Маълумот шериклик ҳуқуқи асосида тайёрланди