Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Япония Либерал-демократик партияси етакчиси Ёсихидэ Сугага унинг мамлакат бош вазири этиб сайлангани муносабати билан табрик йўллади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Global News

Таъкидланишича, давлат раҳбарининг мактубида икки томонлама муносабатларда юксак даражага эришилгани таъкидланган ҳамда Ўзбекистон—Япония стратегик шериклиги бундан буён ҳам изчил мустаҳкамланиб боришига ишонч билдирилган.

Аввалроқ Япония Либерал-демократлар партияси етакчиси Ёсихиде Суга мамлакат ҳукуматининг янги раҳбари этиб тайинлангани ҳақида хабар берилганди.

Эслатиб ўтамиз, Япониянинг олдинги бош вазири Синдзо Абэ 28 август куни истеъфога чиқиши тўғрисидаги қарорини маълум қилганди. Абэ йўғон ичак яллиғланишидан азият чекади. Ушбу касаллик 2007 йилда ҳам унинг истеъфога чиқишига сабаб бўлган. Бироқ кейинчалик у аҳволини ўнглаб, 2012 йилда яна бир бор бош вазир этиб сайланган эди. Яқинда касаллик яна авж олгани маълум бўлди.