Ўзбекистон халқ артисти Бобомурод Ҳамдамов ва унинг рафиқаси қийин вазиятда қолди. 81 ёшли хонанданинг якка-ю ягона қизи унинг уйини ўз номига ўтказиб олган, шунингдек, машинаси ҳужжатларини ҳам олиб қўйган.

Санъаткорнинг оилавий муаммолари ҳақида унинг рафиқаси сўзлаб берди.

«Беш ўғил ва бир қиз фарзандимиз бор. Шу бир қизимиз бизга озор беряпти. Оёғим синиб, касалхонада ётганимдан фойдаланиб, яшаб ўтирган уйимизни ўз номига ўтказиб олибди. Аввалроқ менинг олдимга келиб, ҳужжатларга имзо қўйишимни талаб қилди. Мен эса улар қандай ҳужжатлар эканлигини сўрадим. У ‘Уйнинг ҳужжатлари нотўғри, тўғирлатаман’, деди. ‘Ундай бўлса, майли’ деб қўл қўйиб бергандим. Унинг нияти уйни ўзининг номига расмийлаштириш экан», — дейди Бобомурод Ҳамдамовнинг рафиқаси.

«Қизимга уй олиб берганман, таъмирлатиб, ичига уй анжомларини ҳам олиб берганмиз. Унга яна нима керак, билмадим, биз ҳозир бу уйда пропискадамизми, йўқми, буни ҳам билмаймиз. Уйнинг ҳужжатлари, Captiva машинамизнинг ҳужжатлари ҳам унинг қўлида. Эртага бир кун келиб, уйни бўшатинглар, деса уйсиз қоладиган шароитдамиз. Шу пайтгача, қизимга ҳамма томондан ёрдам берганман. Болаларининг боғча пулини, ўқишга кирганида контракт пулини ўзим тўлаб берганман. Энди қариган чоғимизда бизга бундай муносабат. Буни қайтар дунё, дейдилар, эртага ўзига ҳам болаларидан қайтади.

Бу қизни отаси биринчи тиббиёт институтига киргизган. Ўликхоналарга олиб борганида юраги чидамай, Низомийнинг биология факультетига ўқишини кўчирдик. Ашхободдан Тошкентга. Турмуш ўртоғимнинг вақти бўлмасди болалар билан шуғулланишга, уларга мен қараганман асосан. Бу ишлар осон бўлмаган. Ёмон тарбия бермаган эдим, қаерда адашганимни тушуна олмаяпман. Турмушга чиққанича яхши эди, бундай эмасди, турмушга чиқди-ю, кейин биз билан муомала нимагадир ўзгарди», — дея сўзларини давом эттиради хонанданинг рафиқаси.