Ўзбекистонда 16 сентябрь соат 23:30 дан 17 сентябрь соат 23:30 га қадар коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ 599 та ҳолат қайд этилди. Бу сўнгги 7 кун ичидаги энг юқори кўрсаткич. Янги ҳолатлардан сўнг Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 49761 нафарга етди. Коронавирусга чалиниш ҳолатларининг 1,2 фоизи 17 сентябрга тўғри келди.

ССВ ҳисоби бўйича 415, «Дарё» ҳисоби бўйича 433 киши коронавирус асоратларидан вафот этган.

Фото: Telegram / @ssvmatbuotkotibi

Янги касалланиш ҳолатлари

Янги касалланган 599 кишининг барчаси тана ҳарорати кўтарилгани боис профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган:

  • Тошкент шаҳрида — 323 нафар;
  • Тошкент вилоятида — 125 нафар;
  • Наманган вилоятида — 94 нафар;
  • Андижон вилоятида — 14 нафар;
  • Самарқанд вилоятида — 11 нафар;
  • Сирдарё вилоятида — 9 нафар;
  • Қашқадарё вилоятида — 7 нафар;
  • Фарғона вилоятида — 7 нафар;
  • Сурхондарё вилоятида — 6 нафар;
  • Хоразм вилоятида — 3 нафар.

Кун давомида 10 та ҳудудда коронавирусга чалиниш ҳолати қайд этилди. 28 август куни ўтказилган йиғилишда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев кунига ўртача 370 нафар янги бемор аниқланиши карантин талаблари юмшатилган ҳозирги шароитда назорат кўрсаткичи бўлишини қайд этганди. Президент ҳақиқий ҳолат бўйича рақамларни яширишга мутлақо йўл қўймаслик тўғрисида барча раҳбарларни огоҳлантирди. Бунга уриниш жиноий жавобгарликкача бўлган қатъий чораларга олиб келиши мумкинлиги таъкидланди. Охирги 10 кунда кунлик касалланиш ҳолатлари назорат кўрсаткичидан баланд бўлмоқда.

Тошкент шаҳрида 323 кишида коронавирус аниқланди. Тошкентда сентябрь ойида энг кам касаллик аниқланган кунда 109 та (3 сентябрь), энг кўп касаллик аниқланган кунда 510 та (11 сентябрь) янги ҳолат рўйхатга олинди. Сентябрнинг 17 кунида Тошкентда касалланганлар сони 4620 нафарга кўпайди. Бу Самарқанд, Андижон ва Намангандаги барча беморларнинг (4621) сонига деярли тенг деганидир. Ҳозирда Тошкентда коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 30172 нафарга етди. Ўзбекистон бўйича COVID-19 ташхиси қўйилганларнинг 60,6 фоизи пойтахт ҳисобига тўғри келмоқда.

Тошкент вилоятида 10 сентябрь куни 186 кишида COVID-19 аниқланганидан сўнг кунлик касалланиш ҳолатлари пасаймоқда: 11 сентябрда 182, 12 сентябрда 162, 13 сентябрда 143, 14 сентябрда 130, 15 сентябрда 128, 16 сентябрда 126 ва 17 сентябрда 125 кишида коронавирус қайд этилди. Сентябрнинг ўзида Тошкент вилоятида коронавирусга чалинганлар сони 2059 нафарга кўпайди. Солиштириш учун ССВ жадвалидаги 14 та ҳудуддан 12 тасининг ҳеч бирида пандемия даврида бунча касалланиш ҳолати аниқланмаган.

17 июлдан бошлаб Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкент вилоятининг кўрсаткичларини Тошкент шаҳридан алоҳида бера бошлаганди. Ўшанда вилоятда 1678 нафар бемор аниқланган эди, бутун Ўзбекистонда коронавирусга чалиниш ҳолатларининг 10,75 фоизи Тошкент вилоятига тўғри келарди. Икки ой ичида Тошкент вилоятида касалликка чалинганлар 5,5 баравардан ҳам ошиб кетди. Ҳозирда вилоятда касалланганлар сони 9264 нафарга етган, бу Ўзбекистон бўйича вирусга чалинганларнинг 18,6 фоизига тенг.

Наманган вилоятида 94 кишида коронавирус қайд этилди. Коронавирус аниқланиши бўйича вилоят антирекорди бир кун ичида янгиланди. 16 сентябрь куни Наманганда 92 кишида COVID-19 аниқланганди. Сентябрь ойининг 13 кунида Наманганда янги касалланиш ҳолатлари аниқланди. Бу кунларда Наманган вилоятида коронавирусга чалинганлар сони 346 кишига кўпайди. Вилоятда касалланганлар сони 1255 нафарга етди. Наманган бўйича коронавирусга чалиниш ҳолатларининг 14,8 фоизи охирги икки кунга тўғри келди.

Андижон вилоятида 14 кишида COVID-19 қайд этилди. Вилоятда 15 кундан буён узлуксиз равишда касалланиш ҳолатлари қайд этилмоқда. Ушбу 15 кун ичида вилоятда коронавирусга чалинганлар сони 167 нафарга кўпайди ва Андижонда касалланганларнинг умумий сони 1377 нафарга етди. Ўзбекистон бўйича COVID-19 ташхиси қўйилганларнинг 2,76 фоизи Андижон вилояти ҳисобига тўғри келмоқда.

Самарқанд вилоятида 11 кишида коронавирус аниқланди. Сентябрь ойида вилоятда фақат 2, 8 ва 14 сентябрь кунлари янги ҳолатлар рўйхатга олинмади. Ой давомида касалланганлар сони 271 нафарга кўпайди. Самарқандда коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 1989 нафарга етди. Ўзбекистон бўйича коронавирусга чалинганларнинг 4 фоизи Самарқанд вилоятига тўғри келади.

Сирдарё вилоятида 9 кишида коронавирус аниқланди. Сирдарёда кетма-кет иккинчи кун янги касалланиш ҳолати қайд этилди. 17 июлдан бошлаб ССВ Сирдарё вилоятининг статистикасини Тошкентдан алоҳида беришни бошлади. Ўша кунгача вилоятда касалланганлар сони 213 нафарни ташкил этган бўлса, ортда қолган 2 ой ичида Сирдарё вилоятида коронавирусга чалинганлар сони 578 кишига кўпайди ва ҳозирда 791 нафарни ташкил этмоқда.

Қашқадарё вилоятида 7 кишида касаллик қайд этилди. Қашқадарёда коронавирусга чалинганларнинг умумий сони ҳозирда 1056 нафарга етди. Сентябрнинг 13 кунида вилоятда янги ҳолатлар рўйхатга олинди. ССВ бу кунларда жами 102 кишида коронавирус қайд этилганини маълум қилмоқда. Аммо «Дарё» мухбири билан суҳбатлашган вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Абдуғани Ҳимматов Қашқадарёда 855 нафар мактаб ходимида коронавирус аниқланганини маълум қилди. Унинг ўзи ҳам коронавирусдан даволанмоқда. Вилоят Санитария ва эпидемиология осойишталик маркази бош врачи Собир Муродов ўқитувчиларнинг 41 нафарида 14 сентябрь куни касаллик аниқланганини қўшимча қилганди. Аммо 15 сентябрь куни ССВ Қашқадарё вилояти Санитария-эпидемиологик осойишталик марказининг баёнотини эълон қилди, унда 855 нафар ўқитувчи коронавирусга чалингани рад этилган. Вазирлик каналида эълон қилинган хабарда 855 нафар мактаб ходими вирус юқтирганликда гумонлангани айтилиб, уларда коронавирус аломатлари мавжуд эмаслиги алоҳида таъкидланади ва бу ҳақда қўшимча маълумотлар тақдим этилишига ваъда қилинади.

Фарғона вилоятида 7 кишида COVID-19 аниқланди. Сентябрь ойида вилоятда фақат 6, 8, 10, 13 ва 16 сентябрь кунлари янги ҳолатлар рўйхатга олинмади. Ой давомида Фарғонада касалланганлар сони 44 кишига кўпайди. Фарғонадаги жами касалланганлар сони 372 нафарни ташкил этмоқда. Бу Ўзбекистон бўйича коронавирусга чалинганларнинг 0,75 фоизига тенгдир. 15 сентябрь куни Фарғона вилояти Марғилон шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Авазбек Мадаминович Ғаниев 62 ёшида вафот этди. Аввалроқ Авазбек Ғаниевнинг коронавирусдан даволанаётганлиги ҳақида хабарлар тарқалган, бироқ вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати унинг пневмония хасталиги ва юқумсиз бўлган бошқа ҳамроҳ касалликлар билан даволанаётганини маълум қилганди. Авазбек Мадаминович Ғаниев Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниевнинг отаси, Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг акаси эди.

Сурхондарё вилоятида 6 кишида коронавирус аниқланди. Вилоятда сентябрь ойида биринчи марта тоқ кунда янги беморлар рўйхатга олинди. Бунгача сентябрь ойида фақат охирги 6 жуфт санада касалликлар қайд этилганди: 6 сентябрда 9 та, 8 сентябрда 1 та, 10 сентябрда 5 та, 12 сентябрда 5 та, 14 сентябрда 8 та ва 16 сентябрда 7 та. Сурхондарёда ҳозирда коронавирусга чалинганлар сони 672 нафарга етди. Ўзбекистон бўйича коронавирусга чалинганларнинг 1,35 фоизи Сурхондарё вилоятига тўғри келмоқда.

Хоразм вилоятида 3 кишида коронавирус қайд этилди. Вилоятда август ойида фақат 9 кунда янги касалланиш ҳолатлари аниқланганди. Сентябрнинг 17 кунининг 9 тасида Хоразмда янги касалланганлар аниқланиб бўлинди. Ой давомида COVID-19 қайд этилганлар сони 66 нафарга кўпайиб, касалланганларнинг умумий сони 536 нафарга етди. Ўзбекистон бўйича коронавирусга чалинганларнинг 1,07 фоизи Хоразм вилояти ҳиссасига тўғри келади.

Ўлим ҳолатлари ва аҳволи оғир беморлар

ССВ Тошкент шаҳрида 3 нафар, Тошкент вилоятида ҳам 3 нафар, жами 6 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этганини хабар қилди. Шунингдек, «Миллий тикланиш» демократик партияси вакили ҳам COVID-19 қурбони бўлгани маълум бўлди.

Биринчи ўлим. Тошкент шаҳри Юнусобод туманида яшаган 64 ёшли К.Э. исмли эркак вафот этган.

Иккинчи ўлим. Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида яшаган 56 ёшли Г.Ш. исмли аёл вафот этган.

Учинчи ўлим. Тошкент вилоятида яшаган 59 ёшли Э.Н. исмли эркак вафот этган.

Тўртинчи ўлим. Тошкент шаҳрида яшаган 69 ёшли Б.Т. исмли эркак вафот этган.

Бешинчи ўлим. Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси вакили, Халқ депутатлари Яшнобод туман Кенгаши депутати Дилдора Умарова коронавирус инфекциясидан вафот этди.

Фото: «Миллий тикланиш» демократик партияси

«Дарё» манбалари Дилдора Умарованинг коронавирус билан касалланиш оқибатида вафот этганини тасдиқлади.

Дилдора Умарова 1966 йилда туғилган. У 2018 йилдан буён Яшнобод туманидаги 149-сонли мактабгача таълим ташкилоти мудираси лавозимида фаолият юритган. 2019 йилнинг декабрь ойида бўлиб ўтган сайловларда Дилдора Умарова «Миллий тикланиш» демократик партиясидан Халқ депутатлари Яшнобод туман Кенгаши депутатлигига сайланган эди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳозирча депутатнинг коронавирусдан вафот этгани бўйича маълумот бермаган.

Олтинчи ўлим. Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида яшаган 44 ёшли Х.Т. исмли эркак вафот этган.

Еттинчи ўлим. Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида яшаган 11 ёшли М.У. исмли ўғил бола вафот этди. У Ўзбекистонда коронавируснинг энг ёш қурбони бўлди. Шу вақтгача Ўзбекистонда коронавирус оқибатида бирон марта ҳам вояга етмаганлар вафот этмаганди.

Ҳозиргача Соғлиқни сақлаш вазирлиги 415 кишининг коронавирус асоратларидан вафот этганини хабар берди. «Дарё» ҳисоби бўйича коронавирусга чалингач, вафот этганлар сони 433 нафарни ташкил этмоқда.

ССВ томонидан коронавирус қурбони бўлгани «тан олинмаганлар»:

Таниқли режиссёр Сарвар Каримов ҳам 17 июль куни отаси коронавирус инфекциясидан вафот этгани, аммо унга ташхис қўйилмаганини маълум қилганди. Режиссёрнинг ўзи ва унинг бошқа оила аъзоларида коронавирус тасдиқланган. Шунингдек, 26 июль куни бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов 24 июль куни Самарқанддаги Ипак йўли халқаро туризм университетининг 33 ёшли магистранти Ўткир Темиров касалликдан вафот этганини айтган. Маълум бўлишича, марҳум ўзида COVID-19’нинг барча белгилари бўлса-да, тест ҳам топшира олмаган, касалхонага ҳам ёта олмаган. Қорақалпоғистоннинг Тахтакўпир тумани шифохонасининг 32 ёшли тез тиббий ёрдам ҳамшираси Алия Жиемуратова 28 июль куни коронавирусдан вафот этгани ҳақида «Makan.uz» хабар тарқатди. Қашқадарёда яна бир тиббиёт ходими, хусусий клиника бош шифокори Тўрақул Холиқов 65 ёшида вафот этди. «Дарё» мухбири билан суҳбатлашган хусусий клиника масъулларининг таъкидлашича, Тўрақул Холиқов сўнгги бир ой давомида коронавирус касаллигидан даволаниб келган. 16 сентябрь куни Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ Турматов 44 ёшда вафот этди. «Дарё» манбалари унинг коронавирусдан даволанаётган бўлганини маълум қилди.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 3254 нафар бемордан 478 нафари оғир, 269 нафари эса ўта оғир аҳволда. Аҳволи оғир ва ўта оғир беморларнинг умумий сони 747 нафарни ташкил этмоқда. Бу охирги 30 кун ичидаги энг юқори кўрсаткич. Ҳозирда даволанишни давом эттираётганларнинг 22,9 фоизининг аҳволи оғир бўлиб турибди.

Касалликдан даволаниш

17 сентябрь куни Ўзбекистоннинг 10 та ҳудудида 618 нафар бемор коронавирусдан соғайди. Бу сўнгги 20 кун ичида энг кўп бемор соғайган кун бўлди. Шунингдек, сентябрь ойида олтинчи марта кунлик соғайиш кўрсаткичи янги касалланиш ҳолатларидан ортиқ бўлди.

Янги тузалганларнинг

  • 426 нафари Тошкент шаҳрида;
  • 109 нафари Тошкент вилоятида;
  • 50 нафари Наманган вилоятида;
  • 9 нафари Андижон вилоятида;
  • 6 нафари Сирдарё вилоятида;
  • 5 нафари Фарғона вилоятида;
  • 5 нафари Қашқадарё вилоятида;
  • 4 нафари Хоразм вилоятида;
  • 3 нафари Сурхондарё вилоятида;
  • 1 нафари Қорақалпоғистон Республикасида касалликдан фориғ бўлди.

Уларнинг қанчаси уй шароитида, қанчаси стационар шароитда даволанганига ССВ аниқлик киритмаган.

Маълумот учун, Ўзбекистонда коронавирус эпидемияси сабаб соғлиқни сақлаш тизимига тушаётган юкламани бир қадар енгиллатиш мақсадида 5 июлдан бошлаб коронавирус инфекцияси аломатсиз кечаётган беморларга уй шароитида даволанишга рухсат берилган, ушбу йўналишда йўриқнома ва эслатмалар ҳам эълон қилинган.

Бироқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусга чалинганларга доир ахборотларида янги беморларнинг қанчасида касаллик аломатсиз (симптомсиз) кечаётганига аниқлик киритмаяпти, шу боисдан айни вақтда коронавирусдан даволанаётган беморларнинг қанчаси касалхоналарда қолаётгани, қанчаси уй шароитида даволанаётгани маълум эмас.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 49 761 нафар бемордан 46 092 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 92,6 фоизни ташкил этмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотлари бўйича айни пайтда 3254 нафар бемор COVID-19’дан даволанмоқда. 10 кун ичида биринчи марта даволанаётган беморлар сони камайди. Бир кун олдин даволанишдаги беморлар сони 3279 нафарни ташкил этаётганди.

Ҳозирда энг кўп бемор Тошкент шаҳрида даволанмоқда — 2028 нафар. Фарғонада 12, Навоийда 12, Қорақалпоғистонда 18, Жиззахда 21, Сурхондарёда 27, Хоразмда 37, Бухорода 38, Сирдарёда 48, Қашқадарёда 72, Андижонда 109, Самарқандда 131, Наманганда 209 ва Тошкент вилоятида 492 нафар бемор қолди.