Ўзбекистонда 17 сентябрь соат 23:30 дан 18 сентябрь соат 23:30 га қадар коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ 617 та ҳолат қайд этилди. Бу сўнгги 8 кун ичидаги энг юқори кўрсаткич. Янги ҳолатлардан сўнг Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 50378 нафарга етди. Коронавирусга чалиниш ҳолатларининг 1,2 фоизи 18 сентябрга тўғри келди.

ССВ ҳисоби бўйича 421, «Дарё» ҳисоби бўйича 439 киши коронавирус асоратларидан вафот этган.

Фото: Telegram / @ssvmatbuotkotibi

Янги касалланиш ҳолатлари

Янги касалланган 617 кишининг барчаси тана ҳарорати кўтарилгани боис профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган:

  • Тошкент шаҳрида — 420 нафар;
  • Тошкент вилоятида — 123 нафар;
  • Бухоро вилоятида — 21 нафар;
  • Самарқанд вилоятида — 14 нафар;
  • Наманган вилоятида — 12 нафар;
  • Навоий вилоятида — 11 нафар;
  • Андижон вилоятида — 10 нафар;
  • Қашқадарё вилоятида — 6 нафар.

Кун давомида 8 та ҳудудда коронавирусга чалиниш ҳолати қайд этилди. 28 август куни ўтказилган йиғилишда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев кунига ўртача 370 нафар янги бемор аниқланиши карантин талаблари юмшатилган ҳозирги шароитда назорат кўрсаткичи бўлишини қайд этганди. Президент ҳақиқий ҳолат бўйича рақамларни яширишга мутлақо йўл қўймаслик тўғрисида барча раҳбарларни огоҳлантирди. Бунга уриниш жиноий жавобгарликкача бўлган қатъий чораларга олиб келиши мумкинлиги таъкидланди. Охирги 11 кунда кунлик касалланиш ҳолатлари назорат кўрсаткичидан баланд бўлмоқда.

Тошкент шаҳрида 420 кишида коронавирус аниқланди. Бу Тошкентда сентябрь ойида энг кўп касаллик аниқланган кунлар орасида иккинчи натижадир. 11 сентябрь куни пойтахтда 510 кишида коронавирус қайд этилиб, нафақат сентябрь ойининг, балки бутун эпидемия мавсуми давомидаги антирекорд ўрнатилганди. Сентябрнинг 18 кунида Тошкентда касалланганлар сони 5040 нафарга кўпайди. Бу бутун Ўзбекистон бўйича касалланиш ҳолатларининг 10 фоизига тенг деганидир.

Тошкент вилоятида 10 сентябрь куни 186 кишида COVID-19 аниқланганидан сўнг кунлик касалланиш ҳолатлари пасаймоқда: 11 сентябрда 182, 12 сентябрда 162, 13 сентябрда 143, 14 сентябрда 130, 15 сентябрда 128, 16 сентябрда 126, 17 сентябрда 125 ва 18 сентябрда 123 кишида коронавирус қайд этилди. Сентябрнинг ўзида Тошкент вилоятида коронавирусга чалинганлар сони 2182 нафарга кўпайиб, умумий касалланганлар сони 9387 нафарга етди. Бу Ўзбекистон бўйича коронавирусга чалинганларнинг 18,6 фоизига тенгдир.

Бухоро вилоятида 21 кишида коронавирус қайд этилди. ССВ маълумотлари бўйича сентябрь ойида вилоятда касалликка чалинганлар сони 79 нафарга кўпайди. Аммо 13 сентябрь куни ўтказилган брифингда Бухоро вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Дилфуза Мустафоева вилоятда 239 нафар ўқитувчи ва мактаб ходими коронавирусга чалинганини маълум қилганди. Вилоят ҳокими ўринбосари Мирали Ҳамроев эса бу хабарни рад этиб, мактаб ходимларининг тести бирламчи эканлиги, улардан қайта тест олинишини билдирганди. Ҳозирда Бухорода коронавирусга чалинганлар сони расман 1125 нафарни ташкил этмоқда.

Самарқанд вилоятида 14 кишида коронавирус аниқланди. Сентябрь ойида вилоятда фақат 2, 8 ва 14 сентябрь кунлари янги ҳолатлар рўйхатга олинмади. Ой давомида касалланганлар сони 285 нафарга кўпайди. Самарқандда COVID-19 қайд этилганларнинг умумий сони 2003 нафарга етди. Самарқанд вилояти коронавирусга чалинганлар сони 2000 нафардан ошган Тошкент шаҳри ва вилоятидан сўнг учинчи ҳудуд бўлди.

Наманган вилоятида 12 кишида коронавирус қайд этилди. Сентябрь ойининг 14 кунида Наманганда янги касалланиш ҳолатлари аниқланди. Бу кунларда Наманган вилоятида коронавирусга чалинганлар сони 358 кишига кўпайди. Бу Жиззах вилоятида аниқланган ҳолатлардан ҳам икки баробар кўп деганидир. Наманганда касалланганларнинг умумий сони 1267 нафарга етди.

Навоий вилоятида 11 кишида коронавирус аниқланди. 4 августдан сўнг биринчи марта Навоийда кунлик касалланганлар сони 10 нафардан ошди. ССВ жадвали бўйича вилоятда сентябрда коронавирусга чалинганлар сони атиги 24 кишига кўпайди ва 530 нафарга етди. Бу Ўзбекистон бўйича COVID-19 ташхиси қўйилганларнинг 1,05 фоизига тенг деганидир.

Андижон вилоятида 10 кишида COVID-19 қайд этилди. Вилоятда 3 сентябрдан буён узлуксиз равишда касалланиш ҳолатлари қайд этилмоқда. Ушбу 16 кун ичида вилоятда коронавирусга чалинганлар сони 177 нафарга кўпайди. Бу Жиззах вилоятида бутун эпидемия мавсумида қайд этилган касалланиш ҳолатларидан ҳам кўп деганидир. Андижонда касалланганларнинг умумий сони 1387 нафарга етди. Ўзбекистон бўйича COVID-19 ташхиси қўйилганларнинг 2,75 фоизи Андижон вилояти ҳисобига тўғри келмоқда.

Қашқадарё вилоятида 6 кишида касаллик қайд этилди. Сентябрнинг 14 кунида вилоятда янги ҳолатлар рўйхатга олинди. Бу кунларда COVID-19 қайд этилганлар сони 108 нафарга кўпайди. Қашқадарёда коронавирусга чалинганларнинг умумий сони ҳозирда 1062 нафарга етди. Ўзбекистон бўйича коронавирус қайд этилганларнинг 2,1 фоизи Қашқадарё вилоятига тўғри келмоқда.

Ўлим ҳолатлари ва аҳволи оғир беморлар

ССВ Тошкент вилоятида 4 нафар, Тошкент шаҳри ҳамда Сурхондарё вилоятида 1 нафардан, жами 6 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этганини хабар қилди.

Биринчи ўлим. Тошкент вилояти Оққўрғон туманида яшаган 78 ёшли О.Ш. исмли аёл вафот этган.

Иккинчи ўлим. Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида яшаган 36 ёшли С.V. исмли эркак вафот этган.

Учинчи ўлим. Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида яшаган 83 ёшли Т.М. исмли эркак вафот этган.

Тўртинчи ўлим. Тошкент вилояти Зангиота туманида яшаган 42 ёшли Д.М. исмли аёл вафот этган.

Бешинчи ўлим. Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида яшаган 71 ёшли А.Т. исмли эркак вафот этган.

Олтинчи ўлим. Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида яшаган 41 ёшли Д.Я. исмли аёл вафот этган.

Ҳозиргача Соғлиқни сақлаш вазирлиги 421 кишининг коронавирус асоратларидан вафот этганини хабар берди. «Дарё» ҳисоби бўйича коронавирусга чалингач, вафот этганлар сони 439 нафарни ташкил этмоқда.

ССВ томонидан коронавирус қурбони бўлгани «тан олинмаганлар»:

Таниқли режиссёр Сарвар Каримов ҳам 17 июль куни отаси коронавирус инфекциясидан вафот этгани, аммо унга ташхис қўйилмаганини маълум қилганди. Режиссёрнинг ўзи ва унинг бошқа оила аъзоларида коронавирус тасдиқланган. Шунингдек, 26 июль куни бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов 24 июль куни Самарқанддаги Ипак йўли халқаро туризм университетининг 33 ёшли магистранти Ўткир Темиров касалликдан вафот этганини айтган. Маълум бўлишича, марҳум ўзида COVID-19’нинг барча белгилари бўлса-да, тест ҳам топшира олмаган, касалхонага ҳам ёта олмаган. Қорақалпоғистоннинг Тахтакўпир тумани шифохонасининг 32 ёшли тез тиббий ёрдам ҳамшираси Алия Жиемуратова 28 июль куни коронавирусдан вафот этгани ҳақида «Makan.uz» хабар тарқатди. Қашқадарёда яна бир тиббиёт ходими, хусусий клиника бош шифокори Тўрақул Холиқов 65 ёшида вафот этди. «Дарё» мухбири билан суҳбатлашган хусусий клиника масъулларининг таъкидлашича, Тўрақул Холиқов сўнгги бир ой давомида коронавирус касаллигидан даволаниб келган. 16 сентябрь куни Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ Турматов 44 ёшда вафот этди. «Дарё» манбалари унинг коронавирусдан даволанаётган бўлганини маълум қилди.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 3312 нафар бемордан 489 нафари оғир, 254 нафари эса ўта оғир аҳволда. Аҳволи оғир ва ўта оғир беморлар сони 743 нафарни ташкил этмоқда, бир кун ичида уларнинг умумий сони 4 нафарга камайди. Аммо 24 соат ичида 6 нафар беморнинг вафоти ҳақида ССВ хабар берди. Ҳозирда даволанишни давом эттираётганларнинг 22,4 фоизининг аҳволи оғир бўлиб турибди.

Касалликдан даволаниш

18 сентябрь куни Ўзбекистоннинг 7 та ҳудудида 553 нафар бемор коронавирусдан соғайди.

Янги тузалганларнинг

  • 331 нафари Тошкент шаҳрида;
  • 124 нафари Тошкент вилоятида;
  • 51 нафари Наманган вилоятида;
  • 23 нафари Бухоро вилоятида;
  • 13 нафари Андижон вилоятида;
  • 7 нафари Навоий вилоятида;
  • 4 нафари Қашқадарё вилоятида касалликдан фориғ бўлди.

Уларнинг қанчаси уй шароитида, қанчаси стационар шароитда даволанганига ССВ аниқлик киритмаган.

Маълумот учун, Ўзбекистонда коронавирус эпидемияси сабаб соғлиқни сақлаш тизимига тушаётган юкламани бир қадар енгиллатиш мақсадида 5 июлдан бошлаб коронавирус инфекцияси аломатсиз кечаётган беморларга уй шароитида даволанишга рухсат берилган, ушбу йўналишда йўриқнома ва эслатмалар ҳам эълон қилинган.

Бироқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусга чалинганларга доир ахборотларида янги беморларнинг қанчасида касаллик аломатсиз (симптомсиз) кечаётганига аниқлик киритмаяпти, шу боисдан айни вақтда коронавирусдан даволанаётган беморларнинг қанчаси касалхоналарда қолаётгани, қанчаси уй шароитида даволанаётгани маълум эмас.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 50 378 нафар бемордан 46 645 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 92,6 фоизни ташкил этмоқда. 5—9 сентябрь кунлари даволаниш кўрсаткичи пандемия даврида илк марта 94 фоизга чиққанди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотлари бўйича айни пайтда 3312 нафар бемор COVID-19’дан даволанмоқда. Бу сўнгги 24 кун ичидаги энг юқори натижа. 7 сентябрда даволанишни давом эттираётган беморлар сони 2027 нафарни ташкил этаётганди.

Ҳозирда энг кўп бемор Тошкент шаҳрида даволанмоқда — 2116 нафар. Фарғонада 12, Навоийда 16, Қорақалпоғистонда 18, Жиззахда 21, Сурхондарёда 26, Бухорода 36, Хоразмда 37, Сирдарёда 48, Қашқадарёда 74, Андижонда 106, Самарқандда 145, Наманганда 170 ва Тошкент вилоятида 487 нафар бемор қолди.