Қашқадарё вилоятининг Китоб туманида мактаб директори ўз жонига қасд қилган. Бу ҳақда хабар берган Nasafnews сайтининг ёзишича, директор ўлимидан олдин хат ёзиб қолдирган.

Хатда «Ҳурматли устоз касбдошлар, ҳар қандай шароитда ҳам коррупцияга йўл қўйманг. Мактабда ўтирган ‘тўнкалар’ ҳам қимирласин. Кимлигини билдингиз. Ўшаларга яратгандан инсоф тилаб қоламан. Халқ боласининг кўзини ўйманг. Сизлардан ҳам илтимос», деган жумлалар бор.

«Дарё» мухбирининг аниқлик киритишича, ўз жонига қасд қилгани айтилаётган мактаб директори Китоб туманининг «Янги қишлоқ» ҳудудида жойлашган 13-мактабга раҳбарлик қилиб келаётган 47 ёшли Т.Н. бўлган.

Воқеа 2020 йил 31 август куни содир бўлган.

«Апрель ёки май ойлари эди, марҳумнинг ИИБда ишловчи укаси Ш.Т. ёнимга келиб, акам ичкиликка берилиб қолган. Даволатганмиз, аммо фойдаси бўлмаяпти. Шунинг учун ишдан бўшатиб юборинг. Сизларни ҳам, бизни ҳам қийнаб қўймоқда, деди», — дейди Китоб туман халқ таълими бўлими мудири Авлоқул Авлаев.

Мудирнинг қўшимча қилишича, марҳум тумандаги 13-мактабда 2018 йилдан бери раҳбарлик қилиб келган.

«Жамшид исмли ходимим марҳум 2020 йил 31 август куни ўзини осиб қўйганини айтганди. 1 сентябрь куни дафн маросимида қатнашдик. Ўшанда яқинлари марҳумни юрак хасталигидан вафот этди дейишганди. Шундай бўлса-да, Вилоят халқ таълими бошқармаси ҳамда туман ИИБга ҳам хабар бердим», — дейди туман ХТБ мудири.

«Ўша мактабда 2019 йилгача ‘кураторлик’ қилганман. Шу боисдан ҳам мактаб ва жамоани яхши биламан. Менга ҳам 31 август куни тушдан сўнг қўнғироқ қилиб, директор ўзини осиб қўйганини айтишди. Мен эса бу ҳақда дарҳол бўлим раҳбари Авлоқул Авлаевга хабар бердим», — дейди Жамшид Азимов.

ХТБ мудирининг қўшимча қилишича, марҳум дафн этилгач, одамлар орасида марҳум директор «замдиректор» билан келишмас экан, катта низоси бор экан, деган гап-сўзлар тарқалган. Шунингдек, марҳумнинг опаси ҳам бу ҳақда туман прокуратурасига шикоят қилган.

Қашқадарё вилоят прокуратураси билан боғланиб, бу ҳақда маълумот сўраганимизда прокуратура ахборот хизмати расмий маълумот тез орада маълум қилинишини билдирди.