Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 18 сентябрь куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида мамлакатдаги коронавирус билан боғлиқ вазиятга тўхталиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Давлат раҳбари сўнгги кунларда мамлакатда янги касалланиш ҳолатлари сони ортиб бораётганини таъкидлаб ўтди.

«Биз сизлар билан келишиб, мана шундай шароитда яшашга, ишлашга, ўқишга, маданий ҳордиқ чиқаришга ўрганишимиз керак. Лекин ҳали ҳамма ҳам бунга эътибор бермаяпти, ҳамма ҳам буни тушунмаяпти», — деди Президент.

Шавкат Мирзиёев коронавирусга чалинган вазирлар, мансабдор шахслар, мактаб директорлари шифокор қабулига бормасдан, 4-5 кун давомида уйида ўтирганини танқид қилди.

«Катта-катта вазирлар ҳам, катта-катта мутасаддилар ҳам, мактаб директорлари ҳам, зиёлилар ҳам 4-5 кун уйида ўтиряпти. Бу ўзининг соғлиғига хиёнат-ку, ўзининг оиласига хиёнат-ку. Биз ҳаммага айтяпмиз, шамолладингми, дарров шифокорга мурожаат қил, тиббиёт масканига кел», — деди давлат раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 15 августдан бошлаб карантин чекловлари юмшатилганидан кейин коронавирус билан касалланиш бўйича кунлик янги ҳолатлар сони пасайишни бошлади ва 3 сентябрь куни 257 тагача тушди. Бироқ ундан кейинги кунларда янги касалланганлар сони кескин ошишни бошлади. Хусусан, 10 сентябрь куни 749 та янги ҳолат қайд этилди. Шундан сўнг аниқланаётган кунлик янги ҳолатлар сони 500 тадан ошмоқда.