Гонконгда филателист Фу Чунсяонинг квартирасига тушган ўғрилар умумий қиймати 4 миллиард Гонконг долларига (516 миллион АҚШ доллари) тенг почта маркалари ва санъат намуналарини ўғирлаб кетди, деб хабар беради South China Morning Post.

Фото: South China Morning Post

Видеокузатув камераларида ёзувлардан кўриш мумкинки, уч нафар эркак асосий йўлак орқали бинога кирган ва квартира эшиги қаршисидаги темир дарвозани илмоғидан очган. Полициянинг гумонича, улар профессионал ўғри бўлмаган, бироқ уй эгасининг йўқлигидан хабардор бўлган. Фу Чунсяо ҳозир Хитойнинг бошқа ҳудудида бўлиб, коронавирус сабаб жорий этилган чекловлар унинг Гонконгга келишига йўл қўймайди.

Коллексионернинг сўзларига кўра, камида бешта қимматбаҳо марка йўқолган, хусусан, 1968 йилга тегишли почта маркаси ҳам — унда бир гуруҳ одамлар Маонинг иқтибослари китобини кўтарган ҳолда тасвирланган ва унинг остига «Бутун мамлакат — қизил» дея ёзилган. 2018 йилда ушбу маркалардан бири аукцион орқали 2 миллион долларга сотилган эди. Шунингдек, ўғрилар Хитойнинг биринчи раиси Мао Цзэдунга тегишли икки метрли каллиграфия намунасини ҳам ўғирлаб кетган — унинг нархи 260 миллион доллар туради.