«Барселона» ҳужумчиси Лионель Месси 2011 йилдан буён Испаниянинг MASSI компанияси билан давом этаётган судда ютиб чиқди.

Фото: The Sun

Гап шундаки, аргентиналик футболчи 2011 йилнинг августида ўз фамилияси остида компания рўйхатдан ўтказмоқчи бўлади. Бироқ ўша йилнинг ноябрида велосипед, шлем ва спорт либослари ишлаб чиқарувчи MASSI компанияси номлардаги ўхшашлик сабаб Мессининг компаниясини судга беради.

2013 йилда Европа интеллектуал мулк бошқармаси (EUIPO) MASSI бренди фойдасига қарор чиқаради. Месси апелляция беради, бироқ 2014 йилнинг апрелида EUIPO MASSI ва Месси терминларининг талаффузи бир хиллиги, шунингдек, хизмат кўрсатиш соҳасининг  ўхшашлигини инобатга олган ҳолда футболчининг даъвосини қаноатлантирмаган эди.

Европа иттифоқи суди мазкур жараённи ўрганиб чиқди ва Мессининг фойдасига қарор чиқарди. Эндиликда футболчи Messi номи остида ўзининг шахсий брендига асос солиши мумкин бўлади.

Таъкидланишича MASSI компанияси мазкур қарор юзасидан аппеляция беради.

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!