Андижон вилоятида камида тўртта ҳудуд ҳокими пневмониядан даволанаётгани боис ишга чиқмаяпти, дея хабар бермоқда «Kun.uz».

Маҳмуджон Бозоров.

Фото: Андижон вилояти ҳокимлиги

Аввалроқ Пахтаобод тумани ҳокими Маҳмуджон Бозоров ва Хонобод шаҳри ҳокими Мусахон Мамадалиев «15 кундан буён ишга чиқмаётгани», уларнинг ҳар иккиси пневмониядан даволанаётгани ҳақида хабар берилган эди.

Мусахон Мамадалиев.

Фото: Андижон вилояти ҳокимлиги

«Kun.uz»нинг қўшимча қилишича, Шаҳрихон тумани ҳокими Ҳикматилло Дадахонов ва Олтинкўл тумани ҳокими Назиржон Ўринбоев ҳам «айни пайтда пневмониядан даволанмоқда».

Ҳикматилло Дадахонов.

Фото: Андижон вилояти ҳокимлиги

«Мутасаддиларнинг билдиришича, Ҳикматилло Дадахонов вилоят юқумли касалликлар шифохонасида пневмониядан даволанмоқда. Тегишли муолажаларни олиб бўлгани сабабли тез орада иш фаолиятига қайтиши кутилмоқда», — дейилади хабарда.

Назиржон Ўринбоев.

Фото: Андижон вилояти ҳокимлиги

Аввалроқ берилган хабарда Хонобод ҳокимида коронавирус аниқланмагани, Пахтаобод ҳокимининг эса соғлиғи тикланиб бўлгани таъкидланган эди.

Маълумот учун, Президент Шавкат Мирзиёев 28 июль куни ҳудудларда коронавирус билан боғлиқ мураккаб вазиятни тартибга солиш бўйича кўрилаётган чоралар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселекторда «Бухоро, Фарғона, Самарқанд, Наманган, Тошкент, Хоразм вилоятларида ва Қорақалпоғистонда пневмония ҳолатлари анча кўпайгани»ни таъкидлаб ўтган эди.

4 август куни ўтказилган навбатдаги видеоселекторда эса «коронавирусга қўшимча тарзда, асорати оғирроқ бўлган пневмония ҳолатлари ҳам кўпаяётгани», бу «энг ёмони» экани таъкидланган, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ҳокимлар ва секторлар раҳбарларига «коронавирус ва пневмонияни даволаш бўйича ҳар томонлама тайёр бўлиш» ҳақида топшириқ берилган эди.

12 август куни бўлиб ўтган видеоселекторда эса давлат раҳбари мутасаддиларга «коронавирусли пневмониядан тузалган аҳолини реабилитация қилиш марказларини ташкил этиш бўйича топшириқ бергани» маълум бўлган эди. Қайд этиш жоиз, қўшни Қозоғистон ва Қирғизистон июль—август ойларидан бошлаб коронавирус ва пневмония ҳолатларини умумий ҳисоблашга ўтган, оммавий тарқалган шубҳали пневмония ҳолатлари коронавирус билан боғлиқ экани тан олинган эди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда аввалроқ Миришкор тумани ҳокими Ғайрат Бегалиев, Бухоро вилояти ҳокими Карим Камолов, Қорақалпоғистон раҳбари Муса Ерниязов, Қонликўл тумани ҳокими Даулет Толибаев коронавирус инфекцияси асоратлари оқибатида вафот этган, Навоий вилояти ҳокими Қобул Турсунов, Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов, Нуробод тумани ҳокими Фахриддин Зоиров коронавирусдан соғайган эди.