Бухорода коронавирус пандемияси сабаб етти ой давомида тўхтаб қолган оммавий тадбирларга «старт» берилди. Маданият вазирлиги ташаббуси билан вилоятда катта фестиваль бошланди. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят маданият бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ғолиб Баротов маълум қилди.

Фото: Ғолиб Баротов

Таъкидлашича, Маданият вазирлиги ташаббуси билан 2020 йил 19—20 сентябрь кунлари соат 17:00 дан 19:00 га қадар республика бўйлаб «Майдон томошалари» фестивали ташкил этилмоқда.

«Синовли кунларда халқни хурсанд қилиш мақсадида ташкил этилган ‘Майдон томошалари’ фестивали халқимиз учун кутилмаган совға бўлди. Кечки пайт соат 17:00 дан вилоят ва барча туман, шаҳар марказларидаги маданият-истироҳат боғларида маданий тадбирларнинг бошлаб юборилгани етти ой давомида хавотир остида яшаб келаётган аҳоли ва ёшларни жўшқин ҳаёт бағрига қайтарди», — дейди Ғолиб Баротов.

Фото: Ғолиб Баротов

Айтилишича, «Майдон томошалари» фестивали вилоятдаги хиёбон ва маданият-истироҳат боғларида бўлиб ўтмоқда. Унда таниқли эстрада хонандалари, фолклор жамоалари, бахшилар, мақом ижрочилари, театр актёрлари, қўғирчоқ театрларининг чиқишлари, дорбозлар ва цирк томошалари ўрин олган. Фестиваль шунингдек, «Болалар дунёси», «Темир йўлчилар хиёбони», «Фавворалар майдони», «Нуронийлар маскани» ва туман, шаҳарлардаги хиёбонларда ўтказилмоқда.

Ғолиб Баротовнинг қўшимча қилишича, вилоятда фестиваль карантин тартиб-қоидаларига тўлиқ риоя қилган ҳолда ташкил этилган бўлиб, ҳафтанинг дам олиш кунлари давом этади.