«Қўқон» эркин иқтисодий зонасида йилига 30 минг дона кислород концентраторларини ишлаб чиқариш имкониятига эга Грэйт Қўқон МЧЖ корхонаси ишга тушгани хабар қилинганди. Ижтимоий тармоқларда ушбу корона кислород концентраторларни Хитойдан олиб келиб, ўзининг ёрлиғини босиб сотаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. «Қўқон» эркин иқтисодий зонаси дирекцияси бунга муносабат билдирди.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Фарғона вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати томонидан эълон қилинган ушбу муносабатда қайд этилишича, Грэйт Қўқон МЧЖ кислород концентраторини Хитойдан тўлиқ сотиб олиб келмаган, балки MIC Medical Co.Ltd компанияси билан имзоланган шартномага кўра, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган концентраторнинг 40 фоиз қисми (кислородни ажратувчи фильтрлар, сенсорли бошқарув тизими ва компрессор) Хитойдан импорт қилинаётгани, сўнгра «Қўқон» ЭИЗда йиғилмоқда.

Концентраторнинг 60 фоиз қисми (корпуслар, турли ўлчамдаги электр узатиш кабеллари, ҳаво узатувчи шланглар, ўчириб ёқиш қурилмалари, сув қуйиш идиши ва турли ўлчамдаги болт ва шруплар, қадоқлаш қутиси ва пена) эса кооперация усулида Ўзбекистонда ишлаб чиқариш корхоналаридан сотиб олиб йиғилмоқда.

«Бугунги кунда Хитойда 5 литрлик кислород концентраторларнинг нархи 300-400 АҚШ доллари миқдорида бўла туриб, бизнинг корхонамизда йиғилаётганининг нархи 290 АҚШ долларини ташкил этмоқда. Агар биз кислород концентраторини Хитой Халқ Республикасидан тайёр ҳолда олиб келадиган бўлсак, йўл харажатлари, божхона божи ва қўшимча қиймат солиғи тўловлари билан 300-400 АҚШ долларлик маҳсулотлар 355-470 АҚШ долларга тушади. Биз маҳсулотни олиб келиб, шунча сарф харажатларни тўлаб, маҳсулотимизни 60 ёки 180 АҚШ доллари миқдоридаги зарарга сотишимиз керак бўлади», — дейилади муносабатда.

Аввалроқ Фарғонага Хитойдан донаси 4 миллион сўм бўлган 500 дона кислород контцентратори олиб келингани ҳақида хабар берилганди.