Ўзбекистонда 19 сентябрь соат 23:00 дан 20 сентябрь соат 23:00 га қадар коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ 648 та ҳолат қайд этилди. Бу сўнгги 10 кун ичидаги энг юқори кўрсаткич. Кетма-кет учинчи кун касалланганлар сони 600 нафардан юқори бўлмоқда. Янги ҳолатлардан сўнг Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 51640 нафарга етди. Коронавирусга чалиниш ҳолатларининг 1,25 фоизи 20 сентябрга тўғри келди.

ССВ ҳисоби бўйича 433, «Дарё» ҳисоби бўйича 450 киши коронавирус асоратларидан вафот этган.

Фото: Telegram / @ssvmatbuotkotibi

Янги касалланиш ҳолатлари

Янги касалланган 648 кишининг барчаси тана ҳарорати кўтарилгани боис профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган:

  • Тошкент шаҳрида — 429 нафар;
  • Тошкент вилоятида — 121 нафар;
  • Наманган вилоятида — 45 нафар;
  • Андижон вилоятида — 18 нафар;
  • Самарқанд вилоятида — 13 нафар;
  • Хоразм вилоятида — 7 нафар;
  • Қашқадарё вилоятида — 6 нафар;
  • Сирдарё вилоятида — 5 нафар;
  • Қорақалпоғистон Республикасида — 4 нафар.

Кун давомида 9 та ҳудудда коронавирусга чалиниш ҳолати қайд этилди. 28 август куни ўтказилган йиғилишда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев кунига ўртача 370 нафар янги бемор аниқланиши карантин талаблари юмшатилган ҳозирги шароитда назорат кўрсаткичи бўлишини қайд этганди. Президент ҳақиқий ҳолат бўйича рақамларни яширишга мутлақо йўл қўймаслик тўғрисида барча раҳбарларни огоҳлантирди. Бунга уриниш жиноий жавобгарликкача бўлган қатъий чораларга олиб келиши мумкинлиги таъкидланди. Охирги 13 кунда кунлик касалланиш ҳолатлари назорат кўрсаткичидан баланд бўлмоқда.

Тошкент шаҳрида 429 кишида коронавирус аниқланди. Бу Тошкентда сентябрь ойида энг кўп касаллик аниқланган кунлар орасида иккинчи натижадир. 11 сентябрь куни пойтахтда 510 кишида коронавирус қайд этилиб, нафақат сентябрь ойининг, балки бутун эпидемия мавсуми давомидаги антирекорд ўрнатилганди. Сентябрнинг 20 кунида Тошкентда касалланганлар сони 5843 нафарга кўпайди. Бу бутун Ўзбекистон бўйича касалланиш ҳолатларининг 11,3 фоизига тенг деганидир.

Тошкент вилоятида 10 сентябрь куни 186 кишида COVID-19 аниқланганидан сўнг кунлик касалланиш ҳолатлари пасаймоқда: 11 сентябрда 182, 12 сентябрда 162, 13 сентябрда 143, 14 сентябрда 130, 15 сентябрда 128, 16 сентябрда 126, 17 сентябрда 125, 18 сентябрда 123, 19 сентябрда 122 ва 20 сентябрда 121 кишида коронавирус қайд этилди. Сентябрнинг ўзида Тошкент вилоятида коронавирусга чалинганлар сони 2425 нафарга кўпайиб, умумий касалланганлар сони 9630 нафарга етди. Бу Ўзбекистон бўйича коронавирусга чалинганларнинг 18,6 фоизига тенгдир.

Наманган вилоятида 45 кишида коронавирус қайд этилди. Сентябрь ойининг 16 кунида Наманганда янги касалланиш ҳолатлари аниқланди. Бу кунларда Наманган вилоятида коронавирусга чалинганлар сони 436 кишига кўпайди. Бу қўшни Фарғона вилоятидаги аниқланган барча ҳолатлардан ҳам кўп деганидир. Наманганда касалланганларнинг умумий сони 1345 нафарга етди. Ўзбекистон бўйича коронавирусга чалинганларнинг 2,6 фоизи Наманган ҳисобига тўғри келмоқда.

Андижон вилоятида 18 кишида COVID-19 қайд этилди. Вилоятда 3 сентябрдан буён узлуксиз равишда касалланиш ҳолатлари қайд этилмоқда. Ушбу 18 кун ичида вилоятда коронавирусга чалинганлар сони 216 нафарга кўпайди. Бу Жиззах вилоятида бутун эпидемия мавсумида қайд этилган касалланиш ҳолатларидан ҳам кўп деганидир. Андижонда касалланганларнинг умумий сони 1426 нафарга етди. Ўзбекистон бўйича COVID-19 ташхиси қўйилганларнинг 2,76 фоизи Андижон вилояти ҳисобига тўғри келмоқда.

Самарқанд вилоятида 13 кишида коронавирус аниқланди. Сентябрь ойида вилоятда фақат 2, 8 ва 14 сентябрь кунлари янги ҳолатлар рўйхатга олинмади. Ой давомида касалланганлар сони 308 нафарга кўпайди. Самарқандда COVID-19 қайд этилганларнинг умумий сони 2026 нафарга етди. Ўзбекистон бўйича коронавирусга чалинганларнинг 3,92 фоизи Самарқанд вилоятига тўғри келади.

Хоразм вилоятида 7 кишида коронавирус қайд этилди. Вилоятда август ойида фақат 9 кунда янги касалланиш ҳолатлари аниқланганди. Сентябрнинг 11 кунида Хоразмда янги касалланганлар аниқланиб бўлинди. Ой давомида COVID-19 қайд этилганлар сони 89 нафарга кўпайиб, касалланганларнинг умумий сони 559 нафарга етди. Ўзбекистон бўйича коронавирусга чалинганларнинг 1,08 фоизи Хоразм вилояти ҳиссасига тўғри келади.

Қашқадарё вилоятида 6 кишида касаллик қайд этилди. Сентябрнинг 16 кунида вилоятда янги ҳолатлар рўйхатга олинди. Бу кунларда COVID-19 қайд этилганлар сони 122 нафарга кўпайди. Бу вилоятдаги барча касалланиш ҳолатларининг 11,3 фоизига тенгдир. Қашқадарёда коронавирусга чалинганларнинг умумий сони ҳозирда 1076 нафарни ташкил этмоқда.

Сирдарё вилоятида 5 кишида коронавирус аниқланди. Сирдарёда сентябрь ойи давомида коронавирусга чалинганлар сони 35 нафарга кўпайди. Вилоятда COVID-19 қайд этилганлар сони 796 нафарни ташкил этмоқда.

Қорақалпоғистон Республикасида 4 кишида коронавирус аниқланди. Республикада охирги 33 кун ичида 17 марта янги касалланиш ҳолатлари рўйхатга олинган бўлса, бу кунларда бирон марта янги беморлар сони 8 нафардан ошмади. Қорақалпоғистонда коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 489 нафарга етди. Бу Ўзбекистон бўйича касалликка чалинганларнинг 0,94 фоизига тенг деганидир.

Ўлим ҳолатлари ва аҳволи оғир беморлар

Биринчи ўлим. Тошкент шаҳри Яшнобод туманида яшаган 53 ёшли С.М. исмли эркак вафот этган.

Иккинчи ўлим. Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ туманида яшаган 57 ёшли Р.Э. исмли эркак вафот этган.

Учинчи ўлим. Тошкент шаҳри Юнусобод туманида яшаган 63 ёшли М.А. исмли аёл вафот этган.

Тўртинчи ўлим. Тошкент шаҳри Олмазор туманида яшаган 61 ёшли Р.Р. исмли эркак вафот этган.

Бешинчи ўлим. Тошкент шаҳрида 77 ёшли Р.Ш. исмли аёл вафот этган.

Шунингдек, 20 сентябрь куни Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Ўктам Барноев куни 56 ёшида вафот этди.

Ўктам Барноев.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Июлда Ўктам Барноев коронавирусга чалингани, у Тошкентдаги Akfa Medline хусусий клиникасида даволанаётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

UZ24’нинг ҳукуматга яқин манбаларга таяниб хабар беришича, Барноевда коронавирусдан сўнг инсульт кузатилган, шундан кейин у даволаниш ва бош миясида жарроҳлик амалиётини ўтказиш учун Германияга олиб кетилган ва ўша ерда вафот этган.

Ўктам Барноев қачон Германияга олиб кетилгани номаълум. Аммо 16 август куни Telegram’даги AviaSpotter канали Германиянинг Нюрнберг шаҳридан Тошкентга беморларни ташиш учун керакли жиҳозлар ўрнатилган Bombardier Challenger 604 самолёти келгани ҳақида хабар берганди.

Фото: AviaSpotter

Бош вазир ўринбосари айнан шу самолётда Германияга олиб борилганми ёки йўқ, буниси номаълум.

Ўктам Барноев Германияда вафот этган бўлса-да, Соғлиқни сақлаш вазирлиги уни Тошкент шаҳрида вафот этганлар рўйхатига қўшди. «Дарё» нашри Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этганларнинг ҳисобини юритиб келмоқда. Ўктам Барноев Ўзбекистонда вафот этмагани учун «Дарё» уни коронавирус қурбонлари сафига киритмасликка қарор қилди.

Ҳозиргача Соғлиқни сақлаш вазирлиги 433 кишининг коронавирус асоратларидан вафот этганини хабар берди. «Дарё» ҳисоби бўйича коронавирусга чалингач, вафот этганлар сони 450 нафарни ташкил этмоқда.

ССВ томонидан коронавирус қурбони бўлгани «тан олинмаганлар»:

Таниқли режиссёр Сарвар Каримов ҳам 17 июль куни отаси коронавирус инфекциясидан вафот этгани, аммо унга ташхис қўйилмаганини маълум қилганди. Режиссёрнинг ўзи ва унинг бошқа оила аъзоларида коронавирус тасдиқланган. Шунингдек, 26 июль куни бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов 24 июль куни Самарқанддаги Ипак йўли халқаро туризм университетининг 33 ёшли магистранти Ўткир Темиров касалликдан вафот этганини айтган. Маълум бўлишича, марҳум ўзида COVID-19’нинг барча белгилари бўлса-да, тест ҳам топшира олмаган, касалхонага ҳам ёта олмаган. Қорақалпоғистоннинг Тахтакўпир тумани шифохонасининг 32 ёшли тез тиббий ёрдам ҳамшираси Алия Жиемуратова 28 июль куни коронавирусдан вафот этгани ҳақида «Makan.uz» хабар тарқатди. Қашқадарёда яна бир тиббиёт ходими, хусусий клиника бош шифокори Тўрақул Холиқов 65 ёшида вафот этди. «Дарё» мухбири билан суҳбатлашган хусусий клиника масъулларининг таъкидлашича, Тўрақул Холиқов сўнгги бир ой давомида коронавирус касаллигидан даволаниб келган. 16 сентябрь куни Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ Турматов 44 ёшда вафот этди. «Дарё» манбалари унинг коронавирусдан даволанаётган бўлганини маълум қилди.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 3275 нафар бемордан 557 нафари оғир, 245 нафари эса ўта оғир аҳволда. Аҳволи оғир ва ўта оғир беморларнинг умумий сони бир кун олдин 762 нафарни ташкил этаётганди, энди эса 802 нафарга етди. Бу сўнгги 35 кун ичидаги энг юқори кўрсаткич. Ҳозирда даволанишни давом эттираётганларнинг 24,5 фоизининг аҳволи оғир бўлиб турибди. Бошқача айтганда, даволанишни давом эттираётган ҳар тўртинчи бемор оғир аҳволда.

Касалликдан даволаниш

20 сентябрь куни Ўзбекистоннинг 9 та ҳудудида 661 нафар бемор коронавирусдан соғайди. Бу сўнгги 23 кун ичида энг кўп бемор соғайган кун бўлди. Шунингдек, сентябрь ойида саккизинчи марта кунлик соғайиш кўрсаткичи янги касалланиш ҳолатларидан ортиқ бўлди.

Янги тузалганларнинг

  • 436 нафари Тошкент шаҳрида;
  • 119 нафари Тошкент вилоятида;
  • 48 нафари Наманган вилоятида;
  • 16 нафари Андижон вилоятида;
  • 13 нафари Қашқадарё вилоятида;
  • 13 нафари Самарқанд вилоятида;
  • 9 нафари Сирдарё вилоятида;
  • 4 нафари Хоразм вилоятида;
  • 3 нафари Қорақалпоғистон Республикасида касалликдан фориғ бўлди.

Уларнинг қанчаси уй шароитида, қанчаси стационар шароитда даволанганига ССВ аниқлик киритмаган.

Маълумот учун, Ўзбекистонда коронавирус эпидемияси сабаб соғлиқни сақлаш тизимига тушаётган юкламани бир қадар енгиллатиш мақсадида 5 июлдан бошлаб коронавирус инфекцияси аломатсиз кечаётган беморларга уй шароитида даволанишга рухсат берилган, ушбу йўналишда йўриқнома ва эслатмалар ҳам эълон қилинган.

Бироқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусга чалинганларга доир ахборотларида янги беморларнинг қанчасида касаллик аломатсиз (симптомсиз) кечаётганига аниқлик киритмаяпти, шу боисдан айни вақтда коронавирусдан даволанаётган беморларнинг қанчаси касалхоналарда қолаётгани, қанчаси уй шароитида даволанаётгани маълум эмас.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 51 640 нафар бемордан 47 932 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 92,8 фоизни ташкил этмоқда5—9 сентябрь кунлари даволаниш кўрсаткичи пандемия даврида илк марта 94 фоизга чиққанди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотлари бўйича айни пайтда 3275 нафар бемор COVID-19’дан даволанмоқда. Кетма-кет иккинчи кун даволанишни давом эттираётганлар сони камаймоқда. Аммо 7 сентябрда даволанаётган беморлар сони 2027 нафаргача тушганди.

Ҳозирда энг кўп бемор Тошкент шаҳрида даволанмоқда — 2123 нафар. Фарғонада 12, Навоийда 16, Қорақалпоғистонда 22, Сурхондарёда 29, Жиззахда 36, Бухорода 36, Хоразмда 40, Сирдарёда 44, Қашқадарёда 58, Андижонда 108, Наманганда 128, Самарқандда 139 ва Тошкент вилоятида 484 нафар бемор қолди.