Ўзбекистонда болалар орасида коронавирусга чалиниш ҳолатлари кўпаяётгани муносабати билан педиатрик койкалар захираси тайёрланмоқда. Бу ҳақда Тошкент врачлар малакасини ошириш институти ректори, ССВ ҳузуридаги коронавирусга қарши кураш бўйича штаб аъзоси, профессор Ҳабибулла Оқилов «Ўзбекистон 24» телеканали «Ахборот 24» дастури 18 сентябрь сонига берган интервьюсида айтиб ўтган.

«Мана, мактаблар ишлашни бошлади. Табиийки, касалларнинг сони бугунги кунга келиб, ошиб бормоқда. Минг афсус, Ўзбекистонда олдин болалар деярли касал бўлмаётган эди. Ҳозир болалар контингентининг ичида ҳам касалланиш бор. Шунинг учун биз педиатрик койкалар захирасини ҳам тайёрлаяпмиз ва педиатр кадрларни ҳам тайёрлаш режалаштирилган», — деди профессор Ҳабибулла Оқилов.

Эслатиб ўтамиз, Соғлиқни сақлаш вазирлиги 17 сентябрь куни Бўстонлиқ туманида яшаган 11 ёшли ўғил бола коронавирус инфекцияси асоратларидан вафот этгани ҳақида ахборот берди. Маълум бўлишича, бола 5 сентябрь куни вафот этган (ССВ нима учун бу ҳолат ҳақида 12 кун ўтгачгина ахборот бергани номаълум), у 2012 йилдан бери оғир ташхис билан диспансер назоратида турган.

Ҳабибулла Оқилов июль ойида «Ўзбекистон 24» телеканалининг «Студия 24» дастури орқали қилган чиқишида Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси оқибатида 14 ёшли бола вафот этганини айтиб ўтган эди, бироқ орадан икки ой ўтиб унинг бу сўзлари ёлғон экани маълум бўлди.

Хусусан, ССВ ҳузуридаги коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Барно Абдусаматова 28 август куни қилган чиқишида Ўзбекистонда шу вақтгача 3 932 нафар бола коронавирусга чалингани, бироқ уларнинг ҳеч бирида касаллик оғир кечмагани ва ўлим ҳолати бўлмаганини маълум қилган эди.