Паркент тумани ҳокимлиги ҳокимнинг ўғли томонидан таъсис қилинган фирмадан Captiva автомобилини сотиб олган. Бу ҳақда дастлаб 19 сентябрь куни Telegram’даги @davletovuz канали маълумот берди, кейинроқ бу маълумотни Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот котиби Беҳзод Қобулов тасдиқлади.

@davletovuz’нинг Давлат харидлари порталидаги очиқ маълумотларга таяниб ёзишича, Паркент тумани ҳокимлиги 14 сентябрь куни захира бюджетдан 269 миллион сўм ажратиб, Mega Karer компаниясидан 260 миллион сўмга 2018 йилда ишлаб чиқарилган ва фойдаланилган Captiva сотиб олган. «Пандемия даврида бюджет икки-уч марта оптималлаштирилаётган бир пайтда туман ҳокимлиги раҳбариятининг Captiva мингиси келиб қолибди», — деб вазиятга муносабат билдирган канал.

Паркент тумани ҳокимлигида мол етказиб берувчилар ва хизмат кўрсатувчиларни танлаш бўйича ўтказилган комиссия йиғилиши баённомасидан кўчирма.

Скриншот: «DXarid.UzEX.uz»

Айни вақтда Корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат реестри маълумотларига асосланиб, @davletovuz ҳокимликка Captiva сотган фирманинг энг катта улушга эга таъсисчиси исми-шарифи Сардор Ниғматович Исроилов, Паркент тумани ҳокимининг исми-шарифи эса Ниғмат Исроилович Муҳамедов эканига эътибор қаратиб, ҳокимлик ҳокимнинг ўғли таъсис этган фирмадан машина сотиб олган бўлиши мумкинлигига ишора қилган.

Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот котиби Беҳзод Қобулов ушбу ҳолат юзасидан изоҳ бераркан, Паркент тумани ҳокимлиги, ҳақиқатан ҳам, таъсисчиларидан бири туман ҳокими Ниғмат Муҳамедовнинг ўғли Сардор Исроилов бўлган корхонадан Captiva сотиб олганини тасдиқлаган.

Ўзингизга яхши маълум, Паркент тоғ ва тоғолди ҳудудлардан таркиб топган. Шундан келиб чиқиб, 2019 йилда туман ҳокимлиги Captiva харид қилишни режалаштирган. Бироқ ўша вақтда туман бюджетида етарли маблағ бўлмагани туфайли, туман ҳокимининг фарзанди, яъни Mega Karer МЧЖ таъсисчиларидан бири отаси фойдаланиши учун мазкур машинани бериб турган.

Оғзаки келишувга кўра, туман бюджетида етарли маблағ бўлган пайтда пул ўтказиб бериладиган бўлган. Яъни, машина туман ҳокимлиги ихтиёрига берилган пайтда янги бўлган. Орадан бир йилдан кўпроқ вақт ўтгач тўлов қобилияти шаклланганидан кейин бу маблағлар фирмага баҳоловчи ташкилот томонидан белгиланган нархга кўра ўтказиб берилган.

Яна ҳам аниқроқ айтганда, туман ҳокимининг фарзанди туман ҳокимлигига янги Captiva’ни кейинроқ тўлаб бериш шартига рози бўлган ҳолда топширган. Бу ўринда қариндош-уруғчилик риштасидан манфаат кўзда тутилмагани, қайтага автомашинани реал нархидан паст баҳога харид қилинганига эътибор қаратишингизни истардим.

Беҳзод Қобулов, Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот котиби

Беҳзод Қобуловнинг алоҳида қайд этишича, Captiva сотиб олишга қарор қилинган вақтда туман бюджетида пул етарли бўлмаган бўлса-да, кейинчалик пул бўлган, яъни «маҳаллий бюджетнинг орттириб бажарилган қисми миқдори ҳар чоракда маълум бўлади» ва «бу маблағни қандай тасарруф этиш ҳокимнинг ихтиёридаги иш эди».

«Аммо Ниғмат Муҳаммедов раҳбар сифатида имконият бўлганда ҳам, аввало, энг зарур соҳа ва тармоқларга маблағ йўналтиришни маъқул кўргани бугунги кунда ўзига қимматга тушяпти — ижтимоий тармоқларда масала муҳокамалар марказида», — деб фикр билдирган Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот котиби.

Унинг таъкидлашича, туман бюджетининг «пули кўчада қолмаган ва бу борада ўта кучли назорат тизими мавжуд». «Бу вазиятда бюджет маблағи талон-торож бўлгани ҳақида писандалар бақувват асосга эга эмас», — дейди Беҳзод Қобулов.

Қўшимча қилинишича, Паркент тумани ҳокими Ниғмат Муҳаммедов «Паркентни севган, унинг халқи соғлиғи учун қайғурган ҳар бир паркентлик сингари... умумий хайрия марафонида муносиб иштирок этиб», туман шифохонасига ойлик маошидан жамғарган пулига 10 та сунъий нафас олиш ускунасини тақдим этган.

Беҳзод Қобуловнинг изоҳига @davletovuz канали қуйидагича муносабат билдирган: «Ўзбекистонда ҳамманинг нияти яхши. Ҳамма яхши ниятлар ҳам тўғри ва қонуний бўлаверадими? Асосий масала — шунда. Одамларнинг яхши ниятига ишонилса, коррупция тўғрисидаги қонунни қабул қилишга ҳам, манфаатлар тўқнашувини чеклашга ҳам ҳожат қолмас эди. Бир гап бор: амалдор барибир ҳам ‘ўз жунини давлат жуни билан аралаштириб’ юбормаслиги керак».