Президент Шавкат Мирзиёев 23 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеяси 75-юбилей сессиясининг юқори даражадаги умумсиёсий мунозараларида иштирок этади, дея хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Бош Ассамблеянинг марказий тадбирлари жаҳонда вужудга келган эпидемиологик вазият муносабати билан БМТ тарихида илк бор видеоанжуман шаклида бўлиб ўтади», — дейилади расмий ахборотда.

Қайд этишларича, Шавкат Мирзиёев сессиянинг ялпи қисмида сўзга чиқиб (Президентнинг чиқиши 23 сентябрь Тошкент вақти билан соат 18:00 га белгиланган), халқаро ҳамжамият эътиборига минтақавий ва глобал аҳамиятга эга долзарб масалалар юзасидан ўз нуқтаи назарини тақдим этади ҳамда Ўзбекистонни сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий модернизация қилишнинг устувор йўналишларини белгилаб беради.

«Муҳокамаларнинг асосий мавзусини ҳисобга олиб, коронавирус пандемиясига қарши биргаликда курашиш ва касаллик тарқалишининг салбий оқибатларини енгиб ўтиш масалаларига тўхталиб ўтилади», — дея хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.

Президент минтақада ва глобал миқёсда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, барқарор тараққиёт, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, конструктив мулоқотни кенгайтириш, шунингдек, иқлим ўзгариши, озиқ-овқат хавфсизлиги муаммоси, қашшоқликка барҳам бериш ва камбағалликни қисқартириш масалалари каби замонавий хатар ва таҳдидларга қарши қаратилган қатор муҳим ташаббусларни илгари суриши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 2017 йил сентябрида Нью-Йоркда бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида чиқиш қилган эди.