Бош вазир ўринбосари Ўктам Барноевнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун Ўзбекистон раҳбарияти «қўлидан келган ҳамма нарсани қилди». Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев 21 сентябрь куни марҳумнинг хонадонига унинг оила аъзоларидан кўнгил сўраб борганида айтиб ўтди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, Ўктам Барноев уни «гапирмасам ҳам тушунарди».

Ўктамжон олижаноб, забардаст, фидойи, ватанпарвар, ўрнак олишга арзигулик инсон эди. Бош вазир пайтларимда ҳам бирга ишладик. Гапирмасам ҳам мени тушунарди.

Бир инсоннинг тарбияланиб, шундай кадр бўлиб етишиши осон эмас. Айниқса, охирги пайтлар оғир соҳани бериб, кўнглим тинчиб, кўп ишларни бошлаган эдик.

Бу офат бутун дунёга келди. Қўлимиздан келган ҳамма нарсани қилдик. Лекин ўлим ҳақ. Аллоҳнинг иродаси экан. Бу ҳаммамизга мусибат. Жойи жаннатда бўлсин.

Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Президенти

Эслатиб ўтамиз, бош вазир ўринбосари Ўктам Барноев 20 сентябрь куни вафот этганди. Маълумотларга кўра, Барноев Германияда вафот этган — у хорижий мамлакатга даволаниш учун олиб кетилган бўлган. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Барноевнинг ўлимини Тошкент шаҳридаги коронавирус қурбонлари рўйхатига қўшди. Бош вазир ўринбосарининг коронавирусга чалингани июль ойи охирида маълум бўлган эди.